Лойиҳалар

СТРОИТЕЛЬСТВО НАУЧНО-ИССЛЕДОВАТЕЛЬСКОГО ЦЕНТРА «ИМАМ БУХАРИ» В ПАЙАРЫКСКОМ РАЙОНЕ САМАРКАНДСКОЙ ОБЛАСТИ




Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2016 йил 18-19 октябрда Тошкентда ўтказилган Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43- сессиясида илгари сурилган, Ўзбекистонда ИҲТ шафелигида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази (ИБХИТМ)ни ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси машҳур бизнесмен ва ҳомий А.Б.Усмонов томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланган эди. Ўзининг кенг кўламдаги хайрия фаолияти билан умумэътирофга сазовор бўлган ўзбек халқининг шавкатли ўғлони ИБХИТМнинг замонавий мажуасини бунёд этишга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.

Ушбу концепция ИБХИТМнинг ташкил этилиши ва келгуси фаолияти, унинг мақсадлари ва вазифалари, илмий ва маърифий лойиҳалари, ташкилий тузилмаси ва унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари билан боғлиқ асосий масалаларни аниқ белгилашга қаратилган.

ИБХИТМ қад ростлайдиган жойнинг танланиши Самарқанднинг мусулмон маданияти дурдоналаридан бири сифатидаги мавқеига, шунингдек мусулмон оламининг буюк мутафаккирларидан бири – Имом Бухорийнинг сўнгги манзили жой олган Челак қишлоғининг алоҳида руҳий-маънавий муҳитига асосланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги илмий-тадқиқот маркази кўринишида ташкил этилган ИБХИТМнинг бош мақсади умуминсоний тамаддун ривожига бебаҳо ҳисса қўшган мусулмон халқлари буюк аждодларининг кўпқиррали илмий ва маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этишдан иборат. Унинг фаолиятида Марказий Осиё атоқли мутафаккирлари, жумладан буюк муҳаддислар Имом Бухорий ва Имом Термизий, ақидашунос Имом Мотуридий, фақиҳ Имом Марғиноний ва бошқалар маънавий меросини чуқур ўрганишга, эзгуликка ва маънавий камолотга чорловчи ғояларни кенг, айниқса ёшлар орасида тарқатишга қаратилади.

ИБХИТМ асосий функциялари қуйидагиларни ўз ичига олади:

Кенг, жумладан ноисломий жамоатчиликни ислом олами билан таништириш мақсадида, мусулмон халқлари тарихининг турли жиҳатлари бўйича чуқур тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек энциклопедиялар, каталоглар, альбомлар, ҳужжатли фильмлар ва ушбу мақсадга эришишга хизмат қилувчи бошқа илмий маҳсулотлар яратиш;

Қуръон ва ҳадисларнинг илмий изоҳли таржималарини амалга ошириш;

жаҳондаги ислом тарихи, ислом илм-фани, маданияти ва санъати билан шуғулланувчи тадқиқотчилар ва ихтисослашган институтлар билан илмий алмашинувни таъминлаш;

ислом дини ва мусулмон маданияти соҳибларига таъналарнинг олдини олиш мақсадида самарали халқаро ҳамкорлик учун қулай шароитларни яратиш, шунингдек мусулмонлар ва бошқа конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш;

конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар, танловлар ва бошқа, ислом тамаддуни ютуқларини ўрганиш ва оммалаштириш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган илмий ҳамда маърифий тадбирларни ташкил этиш;

маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар малакасини ошириш, шунингдек ислом дунёси тарихи, маданияти, маънавияти масалаларига ихтисослашган олий таълим муассасалари талабаларининг амалиёт ўташини ташкил этиш учун шароитларни таъминлаш ва бошқалар.

ИБХИТМ томонидан кенг кўламдаги илмий ва маърифий лойиҳалар амалга оширилади. Улар Ўрта асрлар мусулмон мутафаккирларининг тафсир (ислом экзегетикаси), ҳадисшунослик, калом (мусулмон теологияси) ва фиқҳ (мусулмон ҳуқуқшунослиги) соҳасидаги диний-маънавий меросини чуқур ўрганишга бағишланади. Уларда, шунингдек, аниқ ва табиий фанлар, жумладан математика, астрономия, тиббиёт, минералогия, география ва бошқалар қамраб олинади.

ИБХИТМ фаолиятининг асосий объектлари Марказий Осиёдаги ислом тамаддуни ютуқлари, унинг халқлари ёзма мерослари, Буюк ипак йўлидаги умуминсоний қадриятлар, ИҲТга аъзо мамлакатларда сақланаётган ислом тамаддуни нодир мерослар – Усмон Қуръони ва муқаддас Қуръоннинг бошқа ноёб нусхалари, ҳадислар тўпламларининг қадимий қўлёзма кўринишлари ва бошқаларни оммалаштириш саналади.

ИБХИТМ ўзининг илмий нашрларига, жумладан ўзбек тилидаги илмий ахборотнома, инглиз-араб-рус тилларидаги илмий журнал, “Имом Бухорий сабоқлари” илмий-оммабоп журнали, мавзуий илмий альманахлар, шунингдек ўз сайтига эга бўлади.

ИБХИТМ ташкилий тузилмаси атоқли маҳаллий ва хорижий жамоат арбоблари, ҳомийлар ва олимлардан таркиб топган Васийлар кенгаши ва маслаҳат кенгашини ўз ичига олади. Унинг таркибида махсус бўлимлар, жумладан қўлёзмаларни ўрганиш ва чоп этиш бўйича, маънавий маърифат, халқаро ҳамкорлик, ахборот технологиялари ва ресурслари, ихтисослашган комиссиялар ва бошқалар фаолият юритади.

ИБХИТМ инфратузилмаси маъмурият ва илмий ходимлар учун мўлжалланган маъмурий-тадқиқот биносини ўз ичига олади. Унда иш кабинетлари, ахборот-ресурс маркази, қўлёзмаларни сақлаш учун депозитарий, уларни реставрация қилиш бўйича лаборатория, экспозиция зали (музей), конференциялар, симпозиумлар ва бошқа, жумладан халқаро тадбирлар, шунингдек онлайн режимда видеоконференциялар ўтказиш учун конференц-зал жойлашади.

ИБХИТМ бюджетини шакллантиришнинг асосий манбаларини давлат бюджетидан молиявий ассигнациялар, ИҲТга аъзо давлатлардан ихтиёрий бадаллар, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар жисмоний ва юридик шахсларидан ҳомийлик маблағлари ташкил этади.