Ўзбекистон ташаббуси янги мулоқот платформаси сифатида эътироф этилмоқда

Ўзбекистон ташаббуси янги мулоқот платформаси сифатида эътироф этилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва лойиҳаси асосида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази такрор ва такрор дунё ҳамжамиятини эътирофига сабаб бўлмоқда. Хитой Миллий этник ишлар комиссияси раиси Чен Жуйфен бошчилигидаги делегациянинг ташрифдан олган таассуротлари ҳам бунга исбот бўла олади. Хусусан, Хитой Миллий этник ишлар комиссияси вакили Чжао Цзин мазкур Марказни турли мамлакатлар ўртасида цивилизациялар мулоқоти ва маданий алмашинувни ривожлантириш учун янги ва муҳим платформа дея эътироф этди.

Чжао Цзин, Хитой Миллий этник ишлар комиссияси вакили:

– Уч йил аввал Ўзбекистонга келган эдим. Ўшанда бу ер улкан қурилиш майдони эди. Уч йил ўтиб, Марказий Осиёнинг анъанавий эстетикаси ва замонавий технологияларни ўзида уйғунлаштирган муҳташам меъморий иншоот қад ростлаганини кўрдим.

Бу манзара мени чиндан ҳам ҳайратга солди ва жуда чуқур таассурот қолдирди.
Бу ерда мен Ўзбекистоннинг уч минг йиллик цивилизацияси ва маданий меросининг узвий давомийлигини кўрдим. Шу билан бирга, Ўзбекистон маданий меросни асраш ва цивилизация анъаналарини келажак авлодларга етказиш борасида катта саъй-ҳаракатлар қилаётганига гувоҳ бўлдим.

Менимча, ушбу маданият ва цивилизация маркази нафақат Ўзбекистон миллий цивилизациясининг давомийлигини намоён этади, балки бутун Марказий Осиё цивилизациясини танитишга хизмат қилади. Шунингдек, у турли мамлакатлар ўртасида цивилизациялар мулоқоти ва маданий алмашинувни ривожлантириш учун янги ва муҳим платформа ҳисобланади.

Ватанимга қайтгач, мен бу Марказ ҳақида дўстларимга албатта сўзлаб бераман. Шунингдек, Хитой ва Ўзбекистон халқлари ўртасида янада кўпроқ мулоқот ва ҳамкорлик бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Бу эса халқларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликнинг мустаҳкам инсонпарварлик асосларини янада кучайтиради.