“Жўйбори Калон” - аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти

noanaglnkagokeruprukp.jpg

           Ўзбекистон истиқлолга эришгач, аёл-қизлар ҳам диний ва дунёвий илмлар эгаси бўлиб, мамлакатимиз маънавиятини шакллантиришда ҳисса қўшишлари учун мазкур “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 1992 йил 1 сентябрда ўз фаолиятини бошлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига ўтказилди. Билим юрти ўрта маълумотли Бошланғич араб тили мураббийси, Диний маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари маслаҳатчиси тайёрлайди. Билим юрти талабаларига мударрису мударрисалар дунёвий илмлар билан бир қаторда Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи, ақоид, араб тили (сарф, наҳв), хаттотлик каби фанлардан сабоқ бераётир.

          Мадраса 1998 йил Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигидан расмий рўйхатдан ўтди ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитасининг махсус лицензиясини ҳам олиб, Бухоро вилояти ҳокимлигидан рўйхатдан ўтказилди.

          Мадрасада 100 ўринли ошхона, 25 ўринли дам олиш хонаси, 8 та фан хоналари, 15 ўринли маънавият ва маърифат хонаси, 16 ўринли компьютер хонаси, спорт майдончаси, масжид, қироатхона, янги таъмирдан чиқарилган талабалар турар жойи талабалар ихтиёрида.

cvnroykerouykpukapkup.jpg

        Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти диний таълим фаолиятини олиб бориш учун зарур шароитлар ва моддий техник базасига эга. Билим юрти ўз фаолиятини Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Махсус жамғармаси ва талабалар билан тузилган шартномалар асосида тушган маблағлардан олиб боради.

        Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртига 18 ёшга тўлган коллеж, лицей ва 11-синфни тугатган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.  Кириш имтиҳонлари иккита фандан - тарих ва хорижий тилдан  тест синови асосида ўтказилади. Ўқиш муддати – 3 йил.