Зиёрат туризми доирасида Тошкент ва Исломобод ўртасида чартер рейслари йўлга қўйилади

Зиёрат туризми доирасида Тошкент ва Исломобод ўртасида чартер рейслари йўлга қўйилади

kpykuryfkrfukpykerfpkfcuafcup.jpg

             Покистоннинг «Serene Air» авиакомпанияси Ўзбекистонда зиёрат туризмини тарғиб қилиш доирасида Исломобод ва Тошкент ўртасидаги чартер рейсларини амалга оширишни режаламоқда.

 

Покистонлик шериклар Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мамлакатимизнинг логистика имкониятларининг жозибадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, юртимиздаги айрим аэропортларга «очиқ осмон» режими, хусусан, зиёрат туризми доирасида махсус парвозларни амалга ошириш учун имтиёзлар берилганини юқори баҳоламоқдалар.

 

Авиакомпания Ўзбекистонга тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширишга тўлиқ тайёрлигини билдирган. Бугунги кунда компания паркида 5 та «Боинг 737-800» ва битта «А-330» самолёти мавжуд. Ушбу маркадаги яна иккита самолёт 2021 йил январь ойининг охирига қадар фойдаланишга топширилади.

 

2020 йил март ойида компания IATAдан 2020 йил апрелидан БАА, Хитой ва Саудия Арабистонига мунтазам халқаро рейсларни амалга ошириш учун рухсатнома олган. Бироқ пандемия бошланганлиги сабабли компания ушбу режани кечроқ муддатга сурди. Шунга қарамай, компания чет элда қолган покистонликларни ўз ватанига қайтаришда фаол иштирок этди ва ушбу мамлакатларга 55 та рейсни амалга оширди.

 

«Serene Air» қисқа вақт ичида зиёрат туризми доирасида Ўзбекистонга чартер рейсларини амалга ошириш учун ўзбек томонига керакли мурожаатларни юборишини ҳам билдирган.

“Дунё” АА