ЗАНГИ ОТА МАҚБАРАСИ
ЗАНГИ ОТА МАҚБАРАСИ

Тошкент шаҳрининг Ғарбида Занги ота номли ажиб бир қишлоқ бор. Бу ерда машҳур Занги ота мақбараси бунёд этилган. Бу ерга шайх Ойхўжа ибн Тошхўжа дафн этилган. “Занги” номи у киши қора танли бўлгани учун берилган.
Занги ота ҳазратлари Марказий Осиё минтақасида ІХ–ХІІ асрларда юз берган илк Шарқ Уйғониш даврининг намояндаси, ўз замонида ҳикмат ва маънавият, дин ва тасаввуф ривожига катта ҳисса қўшган мутасаввиф ва авлиё аждодларимиздан биридир. Ривоятларда ёзилишича, Ойхожа ибн Тожхожанинг ёшлик йиллари Осиёдаги энг йирик шаҳарлардан бири – Бинкет (ҳозирги Тошкент)да кечган. У киши 1258 йилгача, яъни вафотига қадар қарийб қирқ йил давомида Анбар она билан бирга шу қишлоқда яшаган. Жуда кўплаб одамларга – оддий деҳқонлардан тортиб турли даражадаги ҳукмдорларга ҳам диний-маънавий йўналишда устозлик қилганлар. Вафотидан сўнг у зотнинг мозори фақат маҳаллий эмас, балки олис минтақалардан келадиган кишилар учун ҳам қутлуғ зиёратгоҳга айланган.

Шу тариқа Занги ота мозори устида зиёратгоҳ кўринишидаги дастлабки камтарона ёдгорлик пайдо бўлган ва кейинчалик нафақат зиёратгоҳ, балки у жойлашган қишлоқ ҳам Занги ота номи билан аталган. Бошқа бир ривоятда айтилишича, Амир Темур Ясси қўрғонида Аҳмад Яссавий ҳазратларига мақбара қуриш ҳаракатини бошлаганида нима учундир иш ҳадеганда юришавермаган. Бу ҳолнинг сабабини билолмай, ҳайрон бўлиб юрганида бир кечаси тушига нуроний бир зот кириб, Яссавийга мақбара қуришдан олдин Занги отанинг қабрини обод қилиши кераклигини айтади. Шунда Амир Темур Занги ота руҳини шод этиш учун мақбара тиклашга киришади. Бу муҳташам ёдгорлик мажмуининг қурилиши 1420 йилда Мирзо Улуғбек томонидан тугалланади.
Занги ота зиёратгоҳи Марказий Осиё минтақаси халқлари учун табаррук маскан ҳисобланади. Бу тарихий-меъморий мажмуага ҳар куни беш минг нафардан зиёд зиёратчи ва сайёҳ келаётгани фикримизни тасдиқлайди. Зиёратчилар орасида олис хорижий мамлакатлардан келган сайёҳларнинг борлиги ҳам диққатга сазовордир.

Занги ота мақбараси дастлаб икки хонали содда иморат – зиёратхона ва ҳилхонадан иборат бўлиб, пештоқ ва безаклари бўлмаган. Хоналарнинг девори равоқли чорси асосдан бурчаклардаги равоқли бағал гумбаз билан боғланган. Ҳосил бўлган саккиз қиррали асос устига ўрнатилган гумбазларнинг катталиги ҳар хил бўлган. Хоналарга дарча ва тобдонлар орқали ёруғлик тушган. Гўрхонадаги оқ мармардан ишланган қабртош, айниқса, диққатни тортади. Тошга ғоятда моҳирлик билан нафис ўйма нақш ва арабий хатлар битилган. Қабр шакли ва нақшлардаги услуб унинг қадимийлигидан далолат беради. Анбар она мақбараси Занги ота мажмуаси таркибида бўлиб, Занги ота мақбарасининг жануби-ғарбида жойлашган. У пештоқ, зиёратхона ва гўрхонадан иборат. Унинг усти қўшқават гумбазли, қуббали тошдан, кичик доира шаклида ясалган. Мақбарага оқ мармардан қабртош қўйилган. Унинг теварак-сиртига арабий хатлар ва нафис нақшлар ўйилган.
Мустақиллик йиллари Зангиота меъморий мажмуи ўзгача чирой очди. Қабристон ғишт билан шарқона усулда қайта ўралди, арк қурилди. Таъмирталаб бўлиб ётган Анбар биби ёдгорлиги аслига келтирилди. Қабристон ичидаги ёдгорликнинг 150 метр йўлагига шаклли ғиштлар ётқизилди. Масжид ҳовузи атрофи таъмирланиб, бешта супа қурилди. Айниқса, муҳташам меҳмонхонанинг бунёд этилиши зиёратчилар учун яхши совға бўлди. Мажмуа ёнгисида ташкил этилган дўконлар қаторида мўъжазгина нонвойхона бўлиб, зиёратчилар ёки сайёҳлар мазасаи бетакрор асл Занги ота патиридан баҳраманд бўлишлари мукин. Уста нонпаз эса қизиқувчиларга ўртасида “Занги ота” ёзуви тушурилган хушбўй нон тайёрлаш сирларини намойиш этишдан чарчамайди.




