Замзам суви
Замзам суви

Замзам сўзига луғавий жиҳатдан тўрт хил маъно берилган:
1. Кўп. Яъни ушбу қудуқнинг суви кўп бўлгани учун «замзам» (кўп) деб номланган.
2. Тўпланган. Яъни Ҳожар онамиз ердан сув чиқиб атрофга ёйила бошлаганда сувга қараб: — Эй муборак сув «зам, зам» (тўплан), – деган. Сув ёйилиб кетмасдан тўпланиб қолган. Шундан ўша «тўхта-тўхта» маъносидаги «замзам» сўзи унга ном бўлиб қолган.
3. Тўсилган. Яъни ердан сув чиқиб атрофга ёйила бошлаганда Ҳожар онамиз тупроқ билан унинг атрофини тўсиб чиққан. Шундан ўша «тўсилган» маъносидаги «замзам» сўзи унга ном бўлиб қолган.
4. Замзам. Яъни замзам номи бошқа бирор маънодан олиниб унга ном бўлиб қолган эмас. Истилоҳда эса замзам деганда Масжидул ҳаромдаги машҳур қудуқдан олинадиган сув тушунилади. Каъба ва замзам қудуғи орасидаги масофа 21 метрдир.
Замзам қачон пайдо бўлган? Ҳожар онамиз ёш гўдаги Исмоил (алайҳиссалом) билан чўлу биёбонда сувсиз ва озуқасиз қолган вақтда Сафо тепалигига чиқиб ўғли Исмоилга Аллоҳ таолодан сув етказишни сўраб дуо қилади. Сўнгра ундан тушиб Марва тепалигига йўл олади ва унинг устига чиқиб дуо қилади. Етти марта иккаласи орасида шундай ҳаракат қилади.
Шунда Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом)ни юборади ва у замзам қудуғи ўрнини ишқайди ва ўша жойдан сув отилиб чиқади, яъни замзам қудуғи пайдо бўлади. Замзам қудуғи халифа Муътасимнинг давригача усти очиқ бўлган. Кейинроқ усти ёпилган.

Аббосийлар халифалиги даврида Замазам суви қудуқдан тортиб олиниб усти очиқ ҳовузларга қуйиладиган бўлган. Кейинчалик сув сақланадиган омборларга жўмраклар ўрнатилган ва замзам одамларга мешкобларда тарқатилган.
Ҳижрий 1377 йилда тавоф қилувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида Замзам қудуғи устига қурилган бино пастга олинган ва унинг устидан ҳам тавоф қилиш йўлга қўйилган.
Ҳижрий 1399 йилда Замзам қудуғининг чуқурлиги ўн саккиз метр олтмиш сантиметр бўлган.
Ҳижрий 1383 йилдан бошлаб замзамни моторда тортиб олиш йўлга қўйилган. Ҳозирда Марва тепалигининг остида замзамни тўплайдиган ва уни совутадиган марказ ташкил қилинган. Совутиш учун замзамнинг ўзидан қилинган муз қўшилади.
-Замзам қудуғи суви ҳеч қачон қуриб қолмаган.
Замзам суви таркиби ҳеч қачон ўзгармаган.
Замзам суви таъми йиллар давомида ўзгармай туради.
Замзам суви уни ичган кишини тетиклаштиради.
Замзам сувидан миллионлаб ҳожилар ва умрачилар олиб кетишади ҳамда доимий равишда Мадинаи мунаввара ва Саудиянинг бошқа шаҳарларига тўхтовсиз равишда ташиб турилади.





