Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинди

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинди

aershrstjhdtrjsrhsergergesrgre.jpg

Сўнгги вақтларда ўзбек киносида тарихий фильмлар суратга олиш ишлари анчагина жонланди.

Тарихий картина яратиш мушкул иш. Чунки тарих бугун эмас. У турли манбаларда турлича акс этган. Картинада эса энг тўғри тарихий ҳақиқатлар акс этмоғи лозим. 

 

Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ва Жамоат хавфсизлиги университети ҳамкорлигида “Sintez film” киностудияси томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида тарихий ҳужжатли фильм тасвирга олинди. Ушбу фильм Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан амалга оширилмоқда. 

 

Мазкур кинокартина «Халқ юраги» номи остида суратга олинаётган 24 қисмли туркум фильмлардан бири. Кинокартинада шоҳ ва шоирнинг кенг дунёқараши, улкан ақл-заковати, салтанатни бошқаришдаги салоҳияти ёритилади, Бобур Мирзо ҳаётининг хронологияси қамраб олинади. Бобур ўз қўллари билан баён этган ҳаёти давомидаги залворли воқеаларни жонлантириш орқали фильм мазмуни очиб берилади. 

 

- Мустақиллик йилларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосини акс эттирган бадиий ёки ҳужжатли фильм ишланмаган эди, - дейди режиссёр Бобур Шер ўғли. - Бу бизни катта масъулият билан ишлашга ундади. Жамоа билан қўлдан келгунча ҳаракат қилдик. Ўсиб келаётган ёш авлодда Бобур сиймосига янада муҳаббат уйғотиш мақсадида унинг мардлигига, жасур ва қўрқмас инсон бўлганлигига аҳамият қаратдик.

 

Фильмни яратишда асосан «Бобурнома» асос қилиб олинди. Бундан ташқари, бобуршунос олимлар тадқиқотлари ва саркарда ҳақида ёзилган тарихий асарлардан фойдаландик. Фильмда барча воқеалар қаҳрамон, яъни Заҳириддин Муҳаммад Бобур тилидан ҳикоя қилиб берилади. Бунда «Бобурнома» мемуар асари ёзилган услубидан фойдаландик. Мақсад бобокалонимиз шахсиятини халққа янада яқинлаштириш. 

 

Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Бобур Шер ўғли. Картина Хуршид Алихўжаев продюсерлигида тасвирга олинган. Картинада Илҳом Бердиев, Элбек Файзиев, Илмира Раҳимжонова, Баҳрилло Раҳимов, Алишер Йўлдошев, Мансур Абдухолиқов, Вимал Саини ва бошқалар  роль ижро этган. 

 

Ҳужжатли фильмнинг катта намойиши Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бўлиб ўтади. 

 

 ЎзА