Yeni Konya:"Тошкентдаги муҳташам мажмуа: Ислом цивилизацияси маркази"
Yeni Konya:"Тошкентдаги муҳташам мажмуа: Ислом цивилизацияси маркази"
Туркиянинг “Янги Конья” (“Yeni Konya”) газетасида чоп этилган мақолада Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг илмий ва маънавий юксалиш рамзи сифатида эътироф этилди. Нашр марказни нафақат муҳташам меъморий иншоот, балки ўтмиш, бугун ва келажакни боғловчи улкан маданий-маърифий макон сифатида тавсифлайди. Материалда мазкур лойиҳа мамлакатнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий ҳиссасини замонавий технологиялар ва ноёб экспозициялар орқали намоён этиши, шунингдек, миллий меросни асраб-авайлаш ва уни жаҳон жамоатчилигига етказиш йўлидаги стратегик қадам экани алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда тарихий, илмий, маданий ва технологик ривожланишга қаратилган ислоҳотлар, ташаббуслар, инвестициялар ва кенг кўламли ишлар жадал ҳамда таҳсинга сазовор тарзда давом этмоқда. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамда мамлакатнинг юқори даражадаги давлат арбобларининг илмий ва маданий салоҳияти, миллий ва маънавий онги, келажакка қаратилган кенг қамровли ва стратегик қарашлари кўплаб йирик лойиҳаларда ўз ифодасини топмоқда.
Тошкент шаҳрида март ойи охирида очилиши режалаштирилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунёда ўхшаши йўқ, мукаммал ғоя асосида яратилган лойиҳа бўлиб, у бир сўз билан айтганда муҳташам иншоот ва бетакрор асар сифатида баҳоланмоқда.
Ўзбекистонда бир томондан тарихий обидаларни қайта тиклаш ишлари амалга оширилаётган бўлса, иккинчи томондан қадимий меъморий анъаналарга уйғун тарзда янги ва салобатли бинолар барпо этилмоқда. Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Тошкентда қадимий меъморчилик услубида, кенг ҳудудни эгаллаган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди. У кўп қиррали, мазмундор ва юксак савиядаги марказ сифатида ўтмишдан бугунги кунга ва келажакка боғловчи муҳим маданий-маърифий макон сифатида лойиҳалаштирилган. Марказнинг мазмуни, ички ва ташқи меъморий ечимлари, экспозицияси ва бадиий безаклари инсонни ҳайратга соладиган даражада пухта режалаштирилган бўлиб, у ноёб мажмуа сифатида намоён бўлмоқда.
Ушбу марказнинг тамал тоши 2018 йил Рамазон ҳайити кунларида қўйилган. Рамазон ҳайити кунлари Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида, Ислом цивилизацияси маркази қурилишини бошлаш чуқур маъно касб этишини таъкидлаган эди. Маълум қилинишича, марказнинг расмий очилиши 2026 йил Рамазон ойида, ҳайит арафасида ўтказилиши режалаштирилган ва Рамазон ҳайити кунларида у ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади.
“Янги Ўзбекистоннинг юксалаётган уфқи ва Учинчи Ренессанс даври” деб таърифланаётган бу даврнинг ноёб ва бетакрор асари ҳисобланган мазкур марказда қадимий цивилизациялар ва Ислом цивилизацияси тарихи нафис бадиий ечимлар ҳамда замонавий технологиялар билан уйғунлашган ҳолда тақдим этилган. Марказнинг турли бўлимлари ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформаларда ҳам намойиш этилмоқда. У кўргазма заллари, илмий-тадқиқот марказлари, бой кутубхона ва қўлёзмалар фондига эга бўлган яхлит маданий-илмий мажмуа ҳисобланади.
Марказ “маданий меросни асраш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий маданий-маърифий марказларни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам” сифатида баҳоланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳа ҳақида шундай деган эди:
“Бу марказни барпо этишдан мақсад — ислом маърифати моҳиятини чуқур ўрганиш, аждодларимиз қолдирган улкан меросни ҳам халқимизга, ҳам жаҳон жамоатчилигига етказишдир.”
Маълумотларга кўра, марказ 161 метр узунликда, 118 метр кенгликда бўлиб, уч қаватдан иборат қилиб қурилган. Унинг меъморий ечимида қадимий меъморий анъаналар ва миллий нақшлар уйғунлиги акс этган. Бинонинг тўрт томонида баландлиги 34 метрга етадиган порталлар жойлашган бўлиб, марказ қисмида 65 метр баландликдаги муҳташам гумбаз қад ростлаган.
Мажмуанинг энг марказий қисмида Қуръони карим зали жойлашган. Бу ерда мусулмон оламининг энг қимматли маънавий меросларидан бири бўлган қадимий Усмон мусҳафи сақланади. Шунингдек, бу ерда сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар ва темурийлар даврларига оид муқаддас китоб нусхалари, чиғатой тилига қилинган таржималар ҳамда нодир Қуръон қўлёзмалари намойиш этилади.
Ислом цивилизацияси марказининг илмий, меъморий ва маданий концепциясини ишлаб чиқишда 40 дан ортиқ мамлакатдан 1500 нафардан зиёд мутахассис иштирок этган.
Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистонда сўнгги йилларда кузатилаётган илмий ва маданий юксалишни, жамият тафаккурининг янгиланишини ҳамда маънавий тараққиётни энг мукаммал тарзда намоён этмоқда. Шу боис Тошкентга ташриф буюрган ҳар бир инсонга ушбу муҳташам ва ноёб марказни албатта кўриш тавсия этилади.





