«Вабо – инсонлар учун бир синов»
«Вабо – инсонлар учун бир синов»

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг бевосита ташаббуслари ва умумий таҳрирлари остида «Вабо – инсонлар учун бир синов» номли янги китоб нашрдан чиқди.
Ушбу китобда “Коронавирус қандай касаллик?”; “Пандемия нима?”; “Вабо рўй берса, қандай йўл тутиш керак?”; “Тарихимиздаги даҳшатли ўлат қандай даф этилган?” каби саволларга ҳам диний, ҳам тиббий, ҳам замонавий жиҳатдан аниқ жавоблар берилган.
Асарнинг таркибига кирган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси қаламларига мансуб "Деҳқончилик-тирикчиликнинг мустаҳкам таянчи" мақоласи ҳам жуда долзарб мавзуда ёзилган. Мақолада, жумладан, Расули Акрам (с.а.в.) томонларидан марҳамат қилинган қуйидаги ҳадис келтирилган:"Ким Аллоҳга ишониб, савоб умидида қаровсиз қолган ерни обод қилса, Аллоҳ унга ёрдам ва барака беради" (Табароний ва Байҳақий ривояти). Демак, дея хулоса қиладилар муфтий ҳазратлари, ҳар бир қарич ердан унумли фойдалансак, астойдил меҳнат қилсак, ҳукуматимизга камарбаста бўлсак, оғир кунлардан Қодир Эгамизнинг марҳамати ила эсон-омон ўтиб оламиз.
Китоб Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли янги очилган “Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси” масъулияти чекланган жамиятида чоп этилди. «Вабо – инсонлар учун бир синов» китобига А.Хўжамов, Т.Низомов, Ж.Шодиев муҳаррирлик қилган.




