«Ўзбекистоннинг XXI асрдаги тараққиёт йўлини ҳам кўриш мумкин» — Ян Сандерс Ислом цивилизацияси марказида
«Ўзбекистоннинг XXI асрдаги тараққиёт йўлини ҳам кўриш мумкин» — Ян Сандерс Ислом цивилизацияси марказида
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат Марказий Осиёнинг бой тарихи ва ислом цивилизациясидаги юксак илмий-маърифий меросини, балки Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт йўлини ҳам намоён этмоқда.
Жаҳон Божхона Ташкилоти Бош котиби Ян Сандерс бошчилигидаги делегация Марказга ташриф буюриб, унинг экспозициялари билан танишди. Меҳмонларда тарихий мероснинг замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилгани, хусусан, буюк аллома Абу Али ибн Синонинг рақамлаштирилган образи билан «суҳбатлашиш» имконияти катта қизиқиш уйғотди.
Айнан шу уйғунлик Ян Сандерснинг Марказ ҳақидаги таассуротларида ҳам алоҳида ўрин эгаллади. Жаҳон Божхона Ташкилоти Бош котиби Марказни «ҳақиқатан ҳам ноёб мажмуа» деб атаб, шундай деди:
«Бу ҳақиқатан ҳам ноёб мажмуа. Ташқи кўриниши жуда таъсирчан. Бироқ Марказ экспозициялари Марказий Осиё тарихи, Ўзбекистоннинг ушбу минтақадаги тараққиёти ва ривожланиб бораётган ислом оламидаги ўрни ҳақида кенг тасаввур беради. Экспозициянинг якуний қисмида эса Ўзбекистоннинг XXI асрда келажак сари ҳаракати ҳақидаги қарашлар ҳам ўз аксини топган.
Мен бугун эрталабгина келган мамлакатим ҳақида жуда кўп янги маълумотларни билиб олиш имконига эга бўлдим. Ислом олами вакиллари учун бу маскан, аввало, Марказий Осиёнинг ислом цивилизациясидаги ўрнини чуқурроқ англаш учун катта имкониятдир. Бу ҳудуд ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаган инсон учун эса Марказ дунёнинг ушбу қисми тарихини энг қадимги даврлардан бугунги кунга қадар босқичма-босқич ўрганиш имконини беради.
Экспозициялар жуда яхши ташкил этилган, маълумотлар ниҳоятда бой. Энг муҳими, бу — Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва цивилизациядаги ўрни ҳақида кўплаб янги маълумотларни ўрганиш мумкин бўлган ноёб маскан. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқ учун яратилган шундай имкониятлар натижасида Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий меросини дунёга кенг намоён этиш имкони пайдо бўлган».
Ташриф якунида Ян Сандерсга эсдалик совғалари топширилиб, у «Фахрий меҳмонлар» китобида ҳам ўз таассуротларини қолдирди:
«Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлганимданx ниҳоятда миннатдорман.
Марказдаги пухта ташкил этилган ва мазмунан бой экспозициялар менга Марказий Осиё тарихи, унинг ислом оламидаги ўрни ҳамда Ўзбекистоннинг XXI асрдаги тараққиёт йўли ҳақида янада чуқурроқ тушунча берди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқ учун яратилган бундай имкониятлар Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва уни жаҳон ҳамжамиятига кенг танитишда муҳим аҳамият касб этади».
Марказ экспозициялари ўтмишни шунчаки намойиш этиш билан чекланмай, тарих, цивилизация, давлатчилик ва тараққиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни кўрсатади. Бу ерда кечаги меросга бугунги нигоҳ билан қараш ва Ўзбекистоннинг эртанги тараққиёт йўлини англаш мумкин.









