Ўзбекистоннинг тарихий объектлари реставрациясига Эрон мутахассислари жалб этилади

Ўзбекистоннинг тарихий объектлари реставрациясига Эрон мутахассислари жалб этилади

pblanovkeorvkeoagnlvove.jpg

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Эрон Ислом Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наерободий билан музокаралар ўтказди.

Учрашув доирасида туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришга доир келишувга эришилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, ўтказилган музокараларнинг яна бир муҳим масаласи Ўзбекистондаги тарихий-маданий мерос объектларини сақлаш ҳамда уларни реставрация қилиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш,  шу йўналишда тажриба алмашиш ва мутахассисларни тайёрлаш бўлди.

Бундан ташқари, учрашув давомида номоддий маданий мерос объектларини тарғиб қилиш ва уларни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш масалаларини ишлаб чиқишга тўхталиб ўтилди, бунда Ўзбекистон ва Эрон халқлари тарихи, маданияти, анъаналари ва урф-одатлари ҳамда ошхонаси муштараклиги алоҳида қайд этилди.

Ҳамид Наерободий Эрон ҳукумати Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг юқори суръатларда ривожланаётганини катта қизиқиш билан кузатаётганини маълум қилиб, бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни илгари суриш ва Ўзбекистоннинг бўлғуси “Учинчи Ренессанси”ни яратиш йўлида юритаётган сиёсати роли жуда катта эканлигини таъкидлади. Эрон томони Ўзбекистон билан парламентлараро, савдо-иқтисодий, маданий ва туристик алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Учрашув якунига кўра, томонлар Ўзбекистон ҳамда Эрон Ислом Республикаси ўртасида маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик қилишга доир Ҳукуматлараро келишув ва 2020-2023 йилларда туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Ҳукуматлараро дастурни имзолашга тайёргарлик жараёнларининг тезлаштиришга оид келишувга эришишди. Шунингдек, томонлар реставрация ишлари тафсилотларини белгилаш ҳамда “йўл харитаси”ни тузиш учун эронлик экспертлар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилишга келишиб олишди.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг 2 ноябрида Тошкент шаҳрида ШҲТ давлатларининг ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон Респубиликаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Эрон Ислом Республикасининг биринчи вице-президенти Исҳоқ Жаҳонгирий ўртасида бўлиб ўтган музокаралар доирасида тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш ва тиклашга оид келишувларга эришган эди.