Ўзбекистонда электрон тижорат ҳажми 1,3 млрд долларга етди
Ўзбекистонда электрон тижорат ҳажми 1,3 млрд долларга етди

Ўзбекистонда сўнгги саккиз йилда мамлакатда электрон тижорат бозори 20 баробар ўсиб, 1,3 миллиард долларга етди.
Қайд этилишича, бугунги кунда республикада 120 тадан ортиқ рақамли платформалар фаолият юритмоқда. Ўзини ўзи банд қилиш тизимининг кенгайтирилгани, лицензиялаш ва солиққа тортиш тартибларининг соддалаштирилгани натижасида соҳада 750 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилган. Шунингдек, бюджетга ҳар йили 200 миллиард сўм қўшимча солиқ тушумлари таъминланмоқда.
Шу билан бирга, электрон тижоратнинг имкониятлари ҳали тўлиқ ишга солинмагани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистонда унинг чакана савдодаги улуши 4–4,6 фоизни ташкил этиб, жаҳондаги ўртача 22 фоизлик кўрсаткичдан қарийб 5 баробар кам. Мутахассислар мамлакатда ушбу улушни 9–11 фоизгача ошириш учун етарли салоҳият мавжудлигини қайд этмоқда.
Тақдимотда соҳани ривожлантириш учун инфратузилмани кенгайтириш, хусусан, бонд омборлар тизимини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу омборлар импорт товарларини божхона назорати остида сақлаш ва бож ҳамда солиқларни кечиктириб тўлаш имконини беради.
Мутасаддиларга кўра, товарлар учун бож тўловларини уларни сотиш босқичида амалга ошириш тизимини жорий этиш камида 500 миллион доллар инвестиция жалб қилишга хизмат қилиши мумкин. Бундай амалиёт Россия, Хитой, Қозоғистон, БАА, Буюк Британия, Германия ва Сингапур каби давлатларда кенг қўлланилаётгани қайд этилди.