Ўзбекистонда анъанавий маданий мерос ҳафталиги ўтказилади
Ўзбекистонда анъанавий маданий мерос ҳафталиги ўтказилади

15-18 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида анъанавий маданий мерос ҳафталиги ва «Ўзбекистоннинг маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” IV Халқаро конгресси бўлиб ўтади.
Унда расмий доиралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, 40 дан ортиқ мамлакатдан 300 ва юртимизнинг минг нафардан зиёд олимлари иштирок этади.
Таниқли шарқшунос олимлар ўзбек заминида яшаб ўтган алломаларнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси, инсоният тарихида бетакрор из қолдирган ҳамда маърифат, инсонпарварлик диний бағрикенгликнинг юксак намунасини кўрсатган биринчи ва иккинчи Ренесанс даврларини ўрганишдаги ўзларининг кўп йиллик тадқиқотлари натижалари ва оламшумул топилмалари билан ўртоқлашадилар.
Конгрессда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг 2025 йилгача “Йўналишлар харитаси”ни тасдиқлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида чоп этилган китоб-альбомларга сертификатлар топширилади ва нодир қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари мамлакатимиздаги музей ва кутубхоналарга тақдим этилади.
Ушбу кун юртимизнинг тарихий-маданий меросига бағишланган маърузалар ва тақдимотлардан ташқари, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” жамланмасидаги 35 та ажойиб китоб-альбомнинг тақдимоти бўлиб ўтади. Мазкур китоблар Ўзбекистоннинг дунё жамланмаларидаги, яъни Чехия, Ҳиндистон, АҚШ, Канада, Италия, Туркия, Польша, Буюк Британия, Япония каби мамлакатларда сақланаётган турли даврларга оид бетакрор санъат асарларини бутун ранг-баранглиги билан намойиш этади.
Тўпламлардаги бир қатор нашрлар юртимиз музейларида – Ўзбекистон давлат тарихи музейи, Ўзбекистон Республикаси ФА қошидаги Беруний номидаги Шарқшунослик институти музейларида сақланаётган нодир асори атиқаларга бағишланган.
Ҳафталик доирасида Ўрта Осиё киношуносларининг секция йиғилиши бўлиб ўтади. Шунингдек, кинематографи тарихида муҳим воқеа — Бутунжаҳон жамияти ҳомийлик кўмагида Россия кинофондидан ўзбек мультфильмлари кинотасмаларининг (100 дан зиёд мультфильмлар) ва ўзбек киноси "Олтин жамланмаси"га оид 6 та кинофильмнинг қайтарилиши кутилмоқда.
Ҳафталикда ёш авлод ўртасида маданият ва фанни оммалаштириш мақсадларига йўналтирилган тадбирлар ташкил қилинади. Махсус интерактив майдонлар тайёрланиб, улар орқали ўзбекистонлик ёш авлод вакиллари қизиқарли тарзда мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида қўлга киритилган ютуқлар билан танишишлари мумкин.
Шунингдек, мультимедия “база”лари яратилади, 3D-инсталляциялар қадим асрлар силсиласидаги саҳналарни, тарихий кинофильмлар ҳамда китоблардаги воқеаларни кўз олдингизда жонлантиради. Миллий ҳунармандчилик мавзуларини ўзида акс эттирган майдонлар, халқ рақслари бўйича мастер-класслар, шунингдек “Нима? Қаерда? Қачон?” ўйини экспертларининг Ўзбекистон тарихига оид мавзулардаги бахслари ва ҳатто тарихий тетрлаштирилган томошалар намойиш этилади.
Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги меҳмонларга ва иштирокчиларга кўплаб ёқимли туҳфалар тайёрламоқда. Улар орасидан юртимиз ижодкорлари тасвирга олган фильмлар тақдимотлари, нодир хороникал кадрларни ўз ичига олган «Кинолекторий», ёрқин ва ранг-баранг «Миллий либослар — янги Ренессанс дурдоналари» fashion-шоуси ва бошқа кўпгина тадбирлар ўрин олган.
Ҳафталикнинг муҳим тадбири 15 декабрда Ёшлар ижод саройида очилади.
ЎзА




