Ўзбекистон Президентининг стратегик ташаббуслари
Ўзбекистон Президентининг стратегик ташаббуслари

Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити, шубҳасиз, минтақавий ҳамкорлик тарихида муҳим воқеалардан бири бўлди. Ушбу саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган стратегик ташаббуслар нафақат турк дунёсининг, балки бутун Марказий Осиё ва Евроосиё минтақасининг тараққиёт йўналишларини белгилаб берди.
Саммит давомида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 7 муҳим ташаббус эса Туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, уларни алоҳида таҳлил қилиш жоиз.
1. Стратегик шерикликни мустаҳкамлаш: Турк дунёсининг ягона мақсад ва қадриятларга асосланган ҳолда интеграциялашуви учун “Абадий дўстлик ва қариндошлик тўғрисидаги шартнома”ни қабул қилиш таклиф қилинди. Бу ҳужжат туркий ҳамжиҳатликнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлайди.
2. Савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш: “Turk Trade” онлайн платформасини ташкил этиш, шунингдек, Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини фаоллаштириш орқали минтақавий иқтисодий интеграцияни жадаллаштириш зарурлиги билдирилди.
3. Саноат кооперацияси: Кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, тўқимачилик ва қурилиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш орқали саноат салоҳиятини бирлаштириш ташаббуси кўтарилди.
4. Яшил тараққиёт сари: “Яшил Турон” ташаббуси ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар муҳимлиги таъкидланди.
5. Хавфсизлик ва Афғонистон масаласи: Афғонистон бўйича ягона ёндашув ишлаб чиқиш, терроризм ва экстремизмга қарши ҳамкорликни кучайтириш таклифи илгари сурилди.
6. Маданият ва таълимда интеграция: Туркий давлатлар халқаро университетини ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, ёшлар алмашинувини кенгайтириш каби ташаббуслар орқали келажак авлодни тарбиялашга эътибор қаратилди.
7. Халқаро сиёсий жараёнларда фаол иштирок: БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ривожланаётган давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун умумий позицияни шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган таклифлардан яна бири — таълим соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масаласи. Туркий давлатлар халқаро университети фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида академик алмашинув дастурларини кенгайтириш, туркий тил ва маданиятни ўрганиш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш бугунги кун эҳтиёжларига мос келиши айтиб ўтилди.