“Ўзбекистон мероси — бутун инсоният учун бебаҳо туҳфа” — Дейн Кейта

“Ўзбекистон мероси — бутун инсоният учун бебаҳо туҳфа” — Дейн Кейта

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) Ижрочи директори ўринбосари Дейн Кейта бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди.

Ташриф доирасида меҳмонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти раҳбари Музаффар Камилов ҳамроҳлигида Марказ экспозициялари билан яқиндан танишди.

Делегация дастлаб Марказнинг асосий фойесида жойлашган “Буюк сиймолар галереяси” ва муҳташам равоқларни кўздан кечирди. Ўзбекистон тарихи ва цивилизацияси тараққиётини бадиий ҳамда замонавий технологиялар уйғунлигида акс эттирган мазкур экспозициялар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар ва мутафаккирлар меросининг замонавий талқинда намоён этилгани юксак баҳоланди.

Шундан сўнг делегация Исломдан аввалги давр цивилизациялари, Буюк Ипак йўли тарихи ва қадимий маданий меросга бағишланган экспозицияларни томоша қилди. Қадимий цивилизацияларга оид асл артефактлар, интерактив ечимлар ва рақамли технологиялар асосида яратилган мультимедиа кўргазмалари меҳмонда катта таассурот қолдирди. Айниқса, тарихни замонавий усулларда намоён этишга қаратилган инновацион ёндашувлар делегация томонидан алоҳида эътироф этилди.

Меҳмон Ўзбекистоннинг бой маданий мероси нафақат мамлакат, балки бутун инсоният учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази унда жуда катта таассурот қолдирганини қайд этди.

Дейн Кейта, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) Ижрочи директори ўринбосари:

Ўзбекистоннинг бой мероси — бутун инсоният учун бебаҳо туҳфадир. У асрлар давомида шаклланган донишмандликни бугунги кунда инклюзив жамият барпо этишга қаратилган глобал интилишлар билан уйғунлаштиради. Бу қутлуғ маскан илм-фан, инновация ва инсоний қадриятлар ҳақида сўзлайди. Шу билан бирга, инсон капиталига сармоя киритиш келажакни барпо этишнинг энг самарали йўли эканини яна бир бор эслатади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси диний ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда аёллар, қизлар ва бутун жамият учун қадр-қиммат, саломатлик ҳамда тенглик ғояларини илгари сурмоқда. Маданий қадриятларни инобатга олган ҳолда олиб борилаётган ёндашув орқали аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари, имконият ва танловлари ҳар бир жамият марказида бўлишини таъминлашга интиламиз.

Ислом цивилизацияси марказида билим, инновация ва инсон салоҳиятининг беқиёс аҳамияти яққол намоён бўлади. Инсонни энг катта бойлик сифатида қадрлаб, унга сармоя киритиш орқали биз буюк меросга муносиб эҳтиром кўрсатамиз ҳамда барча учун инклюзив келажакни барпо этамиз. Ана шундай ҳамкорлик инсонлар ҳаётини ўзгартириш, уларнинг ҳуқуқлари, танлови ва қадр-қимматини таъминлашга хизмат қилади.

Ташриф давомида делегация Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврига бағишланган залларда ҳам бўлди. Биринчи Ренессанс экспозициясида меҳмонларга 1988 йилда муқаддас Каъбага ёпилган асл каъбапўш, Миср мамлуклари даврига оид Каъба калитлари ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз томонидан Ўзбекистон раҳбарига тақдим этилган Кисва парчаси ҳақида маълумот берилди.

Иккинчи Ренессанс бўлимида эса Умар Ақто Қуръони, Амир Темур ва темурийлар даврига оид экспозициялар, шунингдек сунъий интеллект технологиялари асосида яратилган Амир Темур ва Гавҳаршодбегимнинг интерактив сиймолари меҳмонда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур рақамли ечимларни шахсан синаб кўриб, уларнинг тарихий меросни замонавий усулда тарғиб қилишдаги аҳамияти юқори баҳоланди. Бибихоним либоси ва давр муҳитини акс эттирувчи бадиий ечимлар ҳам меҳмонда чуқур таассурот қолдирди.

Шунингдек, делегация “Янги Ўзбекистон — “Янги Ренессанс пойдевори” экспозицияси билан ҳам танишди. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, илм-фан, халқаро ҳамкорлик ва спорт соҳасида эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот берилди. Айниқса, Ўзбекистон спортчилари томонидан халқаро майдонларда қўлга киритилаётган сўнгги натижалар акс этган экспозициялар меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.

Ташрифнинг энг таъсирли нуқталаридан бири Қуръони карим зали бўлди. Ҳазрати Усмон мусҳафи билан танишган меҳмон ушбу муқаддас мерос олдида дуо қилди ҳамда залдаги маънавий муҳит унда унутилмас таассурот қолдирганини таъкидлади.

Ташриф якунида меҳмон Марказнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдирди. Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов томонидан Марказ фаолияти, буюк аждодлар мероси ва Янги Ўзбекистон тараққиёти ҳақидаги маълумотларни ўзида жамлаган махсус китоб совға қилинди.