Ўзбекистон корейс тили мактаблари сони ўсиши бўйича дунёда етакчи
Ўзбекистон корейс тили мактаблари сони ўсиши бўйича дунёда етакчи

Ўзбекистон корейс тили ўқитиладиган мактаблар сонини кенгайтириш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Yonhap хабар берди.
Сўнгги бир йил ичида мамлакатда корейс тилига ихтисослашган синфларга эга 68 та янги таълим муассасаси очилди. Ушбу кўрсаткич бўйича республика Вьетнам, Шри Ланка, Филиппин, Бразилия ва АҚШни ортда қолдирди.
Корейс тилига қизиқишнинг ортиши ёшлар орасида Жанубий Корея маданиятининг оммалашуви билан боғлиқ. Хусусан, К-поп, дорамалар ва интернет платформалари бунга сезиларли таъсир кўрсатмоқда, Кореяда таълим олишга қизиқиш ҳам ортмоқда.
Жанубий Корея тузилмалари таълим дастурларини қўллаб-қувватлаши ҳам қўшимча омил бўлди. Ушбу лойиҳалар синф хоналарини жиҳозлаш, махсус ўқув адабиётлари етказиб бериш ва ўқитувчилар малакасини оширишни ўз ичига олади.
2025 йил якунига кўра, дунё бўйлаб қарийб 2,7 мингта мактабда корейс тили ўқитилган бўлиб, сўнгги тўрт йилда бундай муассасалар сони 54 фоизга кўпайган.