Ўзбекистон Ислом молияси соҳасида МДҲ етакчисига айланиши мумкин

Ўзбекистон Ислом молияси соҳасида МДҲ етакчисига айланиши мумкин

afukrykeryuorfukrfukorukf.jpg

            Ўзбекистон Марказий Осиёда жойлашган ва аҳоли сони бўйича минтақадаги энг катта давлат бўлиб, 90 фоиздан ортиғи мусулмон бўлган ва саводхонлиги 99,99 фоизни ташкил қилувчи 34 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Ўзбекистонда Исломий молия соҳасида жуда катта салоҳиятга эга. Буни йирик халқаро молиявий ташкилотлар - Ислом тараққиёт банки гуруҳи, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва б.ошқа молия институтлари  экспертлари  эътироф этган. Сўнгги йилларда мамлакатда халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда ушбу йўналишда муғим ишлар амалга оширила бошланди.

Кичик ва ўрта бизнес Ўзбекистонда 81 фоиз бандликни таъминлаш баробарида, сўнгги 10 йил ичида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти йиллик ўртача 5 фоиздан юқори даражада ўсишига ва Марказий Осиёдаги иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатга айланишига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан Ислом молиясига бўлган эҳтиёжни инобатга олиб, Ўзбекистон 2003 йилда IsDBга ва 2004 йилда эса ICDга аъзо давлат сифатида қабул қилинди. Ушбу ташкилотлар ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатлар Ислом молиясининг Ўзбекистон бозорига кириб келишига замин яратди ва ушбу соҳага биринчи қадамни қўйиб берди.

Бундан ташкари, Ўзбекистондаги бир нечта олий ўқув юртлари ўз таълим дастурларини Ислом молиясига доир фанларни ҳисобга олган ҳолда тайёрлай бошлади. Шунингдек, жорий қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда бизнес вакиллари ҳам ислом молия хизматларини таклиф килишни бошлаб юборди.

Жумладан, 2019 йилда мамлакатда биринчи «Ўзаро» исломий суғурта компанияси ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистондагина эмас, балки МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлган электрон-Мурабаха (Мурабаха савдо битими асосидаги молиявий маҳсулот) платформаси ишлаб чиқилди. IsBF (Islamic Business and Finance) номли биринчи Ислом молия масалалари билан шуғулланувчи компания (асосий фаолияти ушбу соҳада консалтинг хизматлари кўрсатиш) ташкил этилди, ислом молияси соҳасида аҳоли  саводхонлигини ошириш мақсадида “Ислом молияси” Telegram саҳифаси ва веб сайти ишга туширилди. Таиба Лизинг ва Ал-Мулк Капитал каби лизинг компаниялари эса кичик ва ўрта бизнес вакилларига Ислом тамойиллари асосидаги ижара маҳсулотлари тақдим қилишни давом эттирмокда.

Шунингдек, Ўзбекистонда Ислом молияси бўйича бир қанча тренинглар ўтказилди, ўзбек тилида Ислом молиясига оид китоблар нашр этилди.

cykeoykeoykeolfykreykerpe.jpg

Мамлакатда ислом молия хизматларига бўлган талабнинг юқорилигини инобатга олган ҳолда ICDнинг Маслаҳат гуруҳи ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 6 та тижорат банки, жумладан Капиталбанк, Трастбанк, Азия альянс банк, Агробанк, Қишлоқ қурилиш банк ва Ипак йўли банкларида Ислом дарчалари (Исломий молия хизматлари кўрсатувчи шохобча) очиш бўйича иш олиб бормоқда. Ушбу дарчалар 2021 йилнинг бошида ишга тушиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Алоқабанк, Халқ банки, Универсал банк ва Давр банкларда ҳам ислом дарчалари очилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу ишларнинг амалга оширилиши натижасида Ўзбекистон ислом молияси соҳасида МДҲ давлатлари ичида етакчи мамлакатга айланиши шубҳасиз.

Музаффар Низомиддинов
ICD катта ходими,
МДҲ бўйича лойиҳа менежери