Ўзбекистон делегацияси ЮНЕСКОга борди
Ўзбекистон делегацияси ЮНЕСКОга борди
Ўзбекистон ЮНЕСКО бош қароргоҳида жорий йил октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган халқаро кўргазма ва конференцияга тайёргарлик доирасида Парижда қатор ишчи учрашувлар ўтказмоқда. Учрашувларда ЮНЕСКО, ICESCO ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари билан кўп томонлама ҳамкорлик механизмлари, халқаро тадбирлар концепцияси ҳамда келгусидаги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.
2026 йил 15 июль куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти делегацияси Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Камол Мухторов ҳамроҳлигида Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида қатор ишчи учрашувлар ўтказди.
Музокаралар марказида жорий йил октябрь ойида ЮНЕСКО бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилган халқаро кўргазма ва конференцияга тайёргарлик ишлари, шунингдек, маданий меросни асраш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва маърифий дипломатияни ривожлантиришга қаратилган истиқболли қўшма ташаббуслар бўлди.
Ташриф доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ЮНЕСКОдаги ваколатхонаси раҳбари Салима Делибей билан бўлиб ўтган учрашувда ЮНЕСКО майдонида ташкил этилиши режалаштирилаётган тақдимотлар, кўргазмалар ва халқаро конференцияларнинг концепцияси, мазмун-моҳияти ва кутилган натижалари муҳокама қилинди.
Салима Делибей Ўзбекистонда кейинги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини юқори баҳолади. Шунингдек, яқинда Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилган Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форумининг юқори даражада ташкил этилганини таъкидлаб, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ЮНЕСКО майдонида ўтказиладиган кўргазмалар ва халқаро конференцияларда фаол ҳамкор сифатида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
ICESCOнинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Самия Жакта билан бўлиб ўтган музокараларда ҳам октябрь ойидаги халқаро тадбирларнинг ташкилий жиҳатлари муҳокама қилиниб, ташкилот мазкур лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди.
Шунингдек, ЮНЕСКО Котибиятининг Конференциялар, тиллар ва ҳужжатлар бошқармаси масъуллари билан ўтказилган техник учрашувларда конференция ва кўргазма залларини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш, мультимедиа инфратузилмасини шакллантириш ҳамда экспозицияларни жойлаштириш бўйича амалий келишувларга эришилди.
Учрашувлар якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Иззат Ибрагимов ушбу ташрифни Президент Шавкат Мирзиёев илгари сураётган маърифатпарварлик сиёсати ва маданий дипломатиянинг халқаро майдондаги амалий давоми сифатида баҳолади.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат мамлакатнинг илмий ва маданий салоҳиятини намоён этадиган муассаса, балки мусулмон цивилизациясининг бой интеллектуал меросини замонавий форматларда халқаро ҳамжамиятга тақдим этадиган глобал платформага айланиб бормоқда. ЮНЕСКО бош қароргоҳида режалаштирилаётган кўргазма ва халқаро конференция эса ушбу меросни жаҳон аудиториясига етказиш, цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Парижда ўтказилган мазкур учрашувлар Ўзбекистоннинг кейинги йилларда маданий дипломатияни ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида ривожлантираётганини яна бир бор намоён қилди. ЮНЕСКО, ICESCO ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро институтлар билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик мамлакатнинг бой маданий ва илмий меросини глобал майдонда кенг тарғиб қилиш, Марказий Осиёнинг цивилизациялар тарихидаги ўрни ҳақидаги халқаро илмий мулоқотни чуқурлаштириш ҳамда маданий мерос соҳасидаги кўп томонлама шерикликни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.









