Ўзбек-турк ҳарбийлари муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди
Ўзбек-турк ҳарбийлари муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди

Мудофаа вазирлигининг "Термиз" дала-ўқув майдонида ўтказилган “Дўстлик-2021” ўзбек-турк ҳамкорлигидаги махсус тактик ўқув машғулоти иштирокчилари жаннатмакон юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ва тарихий обидалари бўйлаб саёҳатга чиқди.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Жанубий оператив қўмондонлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, белгиланган режага мувофиқ, ҳар қаричи муқаддас Бухоро шаҳрида бўлган ҳарбийлар Лаби ҳовуз, Хўжа Саййид Амир кулол, Баҳоуддин Нақшбанд, Арк сингари қадимий обидаларни зиёрат қилди. Дунёга машҳур буюк алломаларга бешик бўлган бу шаҳар айниқса, туркиялик қардошларда бой таассурот ўйғотди.
-Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган бу Ватанни ота юрт, ўзбекларни қардош халқ сифатида биламиз,-дейди Туркия Республикаси махсус операция кучлари бригадаси командирининг ўринбосари, полковник Рушту Тўредини.- Муқаддас бу ернинг тупроғини зиёрат қилишни шараф, деб биламиз. Осуда, обод ота юртимизнинг бой ўтмиши ва бугуни билан яқиндан танишганимиздан фахрланамиз. Қадимги аждодлардан мерос қолган ноёб ёдгорликларни ўзгача ҳайрат билан томоша қилдик. Миллий урф-одатлар, нафис ҳунармандлик буюмлари бир олам қувонч улашди. Барчаси учун катта раҳмат.

Тадбир доирасида меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг диққатга сазовор жойлари, муқаддас қадомжолари билан ҳам яқиндан танишди.

ЎзА




