Ўзбек тили байрами
Ўзбек тили байрами

Ўзбек тили байрами куни муносабати билан "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида тантанали концерт дастури бўлиб ўтди. Концертда тил, миллат ва юртимиз равнақи йўлида хизмат қилаётган кўплаб юртдошларимиз, хусусан ёшлар ва хорижлик меҳмонлар иштирок этдилар. Дастур давомида ўзбек миллатининг санъат ва маданиятини тараннум этувчи турфа мусиқий намойишлар, видеоматериаллар ва саҳна кўринишлари ҳавола этилди.
Айниқса, давлат тилининг халқаро миқёсда ҳам фаол мулоқот воситасига айланиб бораётгани эътиборлидир. Хусусан, хорижий мамлакатлар раҳбарлари билан бўладиган учрашув ва суҳбатлар, музокаралар, тегишли ҳужжатларни имзолаш маросимларида, нуфузли саммитларда, расмий матбуот анжуманларида ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти ортиб бораётгани ҳаммамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.
Устоз санъаткорлар томонидан кун мавзусига доир ижро этилган монологлар, достонлардан шеърий парчалар, она тилни улуғловчи бадиий чиқишлар барча тадбир иштирокчиларда кўтаринки руҳ ва фахр-ифтихор уйғотди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади.