Ўрта аср Шарқ маданиятининг маркази
Ўрта аср Шарқ маданиятининг маркази
Ислом дунёсидаги шариф шаҳарларидан яна бири Бағдоддир. Аслида арабча “шариф” – “олийжаноб”, “аслзода” маъносида ишлатилади. Шариф Муҳаммад (сав) авлодларининг номига қўшиладиган ҳурмат сўзи ҳисобланади. Ўрта асрлардан бошлаб етти шаҳар, шу жумладан Бағдод, диний марказ сифатида шуҳрат қозонгани учун уна ҳам “шариф” сўзи қўшиб айтиладиган бўлган.
Бағдодни 762 йилда халифа Мансур (754 — 775 йиллар) Мадинат ас-Салом - Тинчлик шаҳри номи билан бино қилиб, Аббосийлар халифалигининг пойтахтига айлантирган.
Умуман, “Бағдод” этимологияси тўғрисида бир неча ривоятлар мавжуд бўлиб, шулардан энг кўп тарқалгани: Боғи Дод (Доднинг боғи) ва Бут (санам) туҳфасидир. IX асрда Бағдод ҳунармандчилик, савдо, шу билан бирга Ўрта аср Шарқ маданиятининг маркази бўлган.
Бу шаҳарнинг расмий номи бўлиб, тангаларга зарб қилинган ва расмий мақсадларда ишлатилган. Аммо маҳаллий аҳолининг кўпчилиги милоддан аввалги даврдаги “Бағрад” номини йўқотмаган. XI асрга келию шаҳарнинг Бағдод номи узил-кесил қарор топган.
.
Бағдод Дажла дарёсининг ҳар икки соҳилида, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Ўрта денгиз мамлакатларини бирлаштириб турувчи йўллар чорраҳасида жойлашган. Шунинг учун Арабистон, Ҳиндистон, бошқа ўлкалардан бу ерга турли маҳсулотлар келиб турган.
Шаҳар тез орада йирик илмий марказга айланган, тарихий манбаларда XIII асрда бу ерда 30 тадан ортиқ кутубхона бўлганлиги келтирилади.
1393 йилдан 1405 йилгача Бағдод Темурийлар салтанати таркибида бўлган.
Бағдоднинг кўпгина меъморий иншоатлари маданий-тарихий ёдгорликлар рўйхатидан жой олган. Улар орасида Аббосийлар саройи (XII аср охирлари - XIII аср боши), Мустансирия мадрасаси (XIII аср), Маржон хон карвон саройи (XIV аср ўрталари) ва бошқалар келтирилади. XIV аср бошида Бағдодда Олтин мачит барпо этилган.
Бағдод “Минг бир кеча” эртакларининг ҳам бош шаҳрига айланган.
Бағдод 1921 йилдан Ироқнинг пойтахти ҳамда Бағдод муҳофазасининг маъмурий марказидир.