ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига номзодлар
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига номзодлар

Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги ҳисобланадиган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасида мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига, “Бойсун маданий муҳити”, “Шашмақом мусиқаси”, “Наврўз”, “Катта ашула”, “Аския”, “Палов маданияти ва анъаналари” номзодлари Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари Жаҳон хотираси рўйхатига киритилгани юртимиз маданий меросининг дунё миқёсида эътироф этилганига ёрқин мисол бўла олади.
Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизими янада такомиллаштирилди, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.
Ўзбекистон номоддий маданий меросининг янгиланган миллий рўйхати тасдиқланган бўлиб, унга бешта йўналиш бўйича 60 дан зиёд номзоднома киритилган. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига – Қўбиз ижрочилиги, ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига бешта – бахши санъати, этноспорт, ёғоч ўймакорлик санъати, халфачилик, ўзбек жанг санъати, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос муҳофазасига оид энг яхши тажрибалар реестрига тавсия этилиши режалаштирилаётган ишлар рўйхатига Риштон кулолчилик мактаби тавсия этилган.

Ҳозирги пайтда Маданият вазирлиги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ва Халқаро Марказий Осиё тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида жойлашган Чор Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси, Чашмаи Аюб ва Сомонийлар мақбаралари, қадимги Пойкент, Варахша, Вардонзе ва Куртони Ромитан археология мероси объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш бўйича номзодлик ҳужжатлари тайёрланмоқда.




