Ҳунармандчиликда Фурқат тумани мактаби яратилмоқда
Ҳунармандчиликда Фурқат тумани мактаби яратилмоқда

Фарғона вилоятининг Фурқат туманидаги «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонаси уста наққоши, Ўзбекистон Халқ устаси Муҳаммадали Юнусов устахонасида қўл меҳнатига асосланган ҳолда ҳунармандчилик намуналарини тайёрлаш йўлга қўйилган.
Халқ устаси томонидан миллий ёғоч ўймакорлиги санъатини тиклаш ва авлодларга етказиш мақсадида «устоз-шогирд» анъаналарини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Устанинг юздан зиёд шогирдлари миллий ёғоч ўймакорлиги ҳунарини миридан-сиригача ўрганиб, ҳунаримиз билан боғлиқ ҳар ишнинг устаси сифатида мустақил фаолият юритишяпти.
– Ҳунармандчиликда Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва Қўқон мактаби бор эди. Яъни услуби жиҳатида бу мактабларнинг ҳунармандчилик ишлари ажралиб турарди. Бугун ҳеч шубҳасиз айтаманки, Фурқат тумани мактаби ҳам яратилмоқда. Боиси Президентимиз ташаббуси билан туманимизда янги ҳунармандчилик мактаби яратилмоқда. Бу маскан тез фурсатларда ишга тушади. Бу ерда минг нафардан зиёд ёш ҳунармандлар камол топади, – дейди уста ҳунарманд Муҳаммадали Юнусов.

Бугунги кунда барча соҳа ва тармоқлар қатори ҳунармандчилик йўналишида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар замирида қадри кетмас қадриятларимизни тиклаш, ёшларни ҳунарли қилиш ва уларни иш билан таъминлаш каби вазифалар устувордир.




