Ҳунармандчилик мактаблари ташкилотчиси
Ҳунармандчилик мактаблари ташкилотчиси

Расулжон Мирзааҳмедов –асли марғилонлик. У меҳнат фаолиятини Марғилон шаҳридаги “Саноатчи” ҳиссадорлик жамиятининг тўқувчилик цехига оддий ишчиликдан бошлаб, ташкилотчилиги ва фидоийлиги туфайли тез орада оддий ишчиликдан “Саноатчи” ҳиссадорлик жамиятининг йигирув цехига бошчилик қилган.
Кейинчалик “Ҳунарманд” уюшмасининг Марғилон шаҳар бўлимига аъзо бўлган ва мустақил ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланишни бошлаган.
Р.Мирзаахмедовнинг доимий изланувчанлиги ва қадимий анъанавий матоларни тиклашдаги ҳизматларини инобатга олиб, 2005 йилда ЮНЕСКО о ташкилотининг Тошкент ваколатхонаси уни ҳунармандчилик масалалари бўйича мутаҳассис ловозимига ишга таклиф этган. Шундан сўнг ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси йўлланмаси билан у Хивага Хоразмнинг “Турма-белбоғ” ва “Алача” матоларини қайта тиклаш ва тўқимачилик мактаби ташкил этишга юборилди.
Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа”да Аллоқулихон мадрасасида ўзининг ҳунармандчилик мактабини ташкил қилиб, 20 дан ортиқ шогирд тайёрлади ва 5000 метрдан зиёд қайта тикланган мато ишлаб чиқарди. Кейин Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган “Бойсун ҳунармандлари маркази”даги тўқимачилик устахонасида Бойсуннинг “Жанда” ва “Тик” мато нусҳаларини, гиламчилик устахонасида “Оқ-эн” ва “Тақир” гилам нусхаларини, каштачилик устахонасида Бойсунга хос дизайнлар асосида табиий рангларда “Сўзана”, “Ойна халта”, “Бўғжома”, “Зардевор” каби кашталарни тиклашда қатнашди.
Шунлан сўнг у Марғилон шаҳридаги Саид Аҳмад хожа эшон мадрасасида анаънавий ҳунармандчиликни тиклаш ва ривожлантириш учун “Миллий ҳунармандчилик маркази”ни ташкил этишга киришди ва у бу ерда тўқувчилик, гиламчилик, читгарлик ва каштачилик устахоналари йўлга қўйди. Бундан ташқари Расулжон Мирзааҳмедов бу ерда “Уста-шогирд” мактабини ҳам ташкил қилиб, ёшларга миллий ҳунармандчилик сирларини ўргатиб келмоқда.




