Уламоларнинг ташрифи аҳолига ишонч, ҳудудларга файз бағишламоқда
Уламоларнинг ташрифи аҳолига ишонч, ҳудудларга файз бағишламоқда

Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, аввало, аҳолининг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришга, уларнинг турмушдан рози бўлиб, шукроналик ҳисси билан яшашга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу ташрифлар юртдошларимизни шу юрт равнақига ҳисса қўшишга, уларда Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга ундамоқда.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига ташриф буюриб, халқ билан маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, жоме масжидларда суҳбатлар ўтказиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олган эдилар.
Уламолар мазкур анъанани давом эттириб, Тошкент вилоятига ташриф буюрдилар. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Шоазим Миноваров бошчилигида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов ҳамда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази масъул ходими Аброр Мухтор Алий Олмалиқ шаҳрига ташриф буюриб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар билан учрашиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглашди. Шаҳар сектор раҳбарлари билан ҳудуддаги ижтимоий объектларни кўздан кечиришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков, Муҳаммадайюбхон домла Ҳомидов ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари З.Нортожиевлар Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ”, “Саид ота” масжидлари атрофидаги аҳоли билан мулоқотлар қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси, таниқли олим Салоҳиддин домла Шарипов Ангрен шаҳридаги “Облиқ” масжидига ташриф буюриб, жоменинг қурилиш жараёни билан яқиндан танишди ҳамда ўзининг қимматли маслаҳатларини берди.





