Уч тилда Бухоро зиёратгоҳлари харитаси яратилди
Уч тилда Бухоро зиёратгоҳлари харитаси яратилди

Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти «Этнология ва антропология» маркази таянч докторанти Шавкат Бобожонов томонидан Бухоро давлат музей-қўриқхонаси билан ҳамкорликда Бухоро шаҳри зиёратгоҳлари харитаси яратилди.
Мамлакатимиз зиёрат туризми йўналишида катта потенциалга эга. Айниқса, азиз авлиёлар юрти саналган Бухоро бу борадаги феномен шаҳардир. Бухоро IX асрда Қуббат ул-ислом (ислом динининг қуббаси), XIII асрда Бухорои шариф (муқаддас, шарофатли шаҳар) мартабалари билан улуғланган.
2020 йилда Бухоро шаҳри ISESCO ташкилоти томонидан Ислом олами маданияти пойтахти деб номланди. Шу муносабат билан тайёрланган Бухоро шаҳри зиёратгоҳлари харитаси ҳам шариф шаҳарга ташриф буюрувчи зиёратчилар учун муносиб йўл кўрсаткич бўлади, деган умиддамиз.
Харитада шаҳарнинг 500 гектарлик қадимий шаҳристон ва замонавий қисмидаги барча зиёратгоҳлар қамраб олинган. Эътиборли жиҳати муаллиф томонидан ҳозирда фақат мавжуд зиёратгоҳлар эмас, балки, йўқолиб кетган, сақланиб қолмаган зиёратгоҳ ва қадамжолар ҳам турли тарихий манбалар орқали аниқланиб харитадан жой эгаллади.




