Туркия делегацияси Ўзбекистондаги замонавий музей тажрибасини эътироф этди
Туркия делегацияси Ўзбекистондаги замонавий музей тажрибасини эътироф этди
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун анъанавий музей тушунчасини бутунлай ўзгартирмоқда. Марказ музейи билан танишган Туркия расмий делегацияси ана шу ҳақиқатга гувоҳ бўлди.
Туркия Республикаси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Делегацияга Туркия Республикаси Ижтимоий ҳимоя идораси директори Омер Кучукевжилиоғлу раҳбарлик қилди. Ташриф давомида меҳмонлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги янгиланишлар билан бир қаторда, Ислом цивилизацияси марказининг ноёб экспозициялари билан ҳам яқиндан танишдилар.
Марказ бўйлаб экскурсия жараёнида делегация аъзоларига Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи замонавий музей технологиялари, интерактив воситалар ва визуал ечимлар орқали тақдим этилди. Меҳмонлар айниқса экспозицияларнинг тизимли равишда ташкил этилгани, тарихий жараёнларни изчил ва тушунарли шаклда ёритиб берганига юқори баҳо бердилар.
— Жуда ажойиб. Биз марказни тўлиқ ва тизимли тарзда айландик. Бу ерда минг йиллик тарих визуал, аудио ва ёзма манбалар орқали, айниқса 3D тасвирлар ёрдамида жонли тарзда намоён этилган. Инсон бу ерда тарихни нафақат кўради, балки уни ҳис қилади. Жуда гўзал ва қимматли бир асар, — деди Омер Кучукевжилиоғлу.
Меҳмонлар, энг аввало, музейнинг Исломдан аввалги давр цивилизациялар бўлимига катта қизиқиш билдирдилар. Ушбу бўлимда Хоразм, Бақтрия ва Чоч каби қадимий маданий марказларнинг хариталари, уларнинг ривожланиш босқичлари ва ҳудудий қамрови ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Бу экспозициялар орқали Марказий Осиё ҳудудида илк давлатчилик ва маданият шаклланиш жараёнлари ёритиб берилгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Биринчи Ренессанс даврига бағишланган марказий экспозициядаги макетлар ҳам алоҳида эътиборни тортди. Сомонийлар мақбараси, Мағоки Атторий масжиди, Чашмаи Аюб мажмуаси ва Қусамия мадрасаси каби ноёб архитектура ёдгорликларининг аниқ макетлари орқали ўша давр меъморчилиги ва муҳандислик ечимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, Салжуқийлар даврига оид зеб-зийнат буюмлари, давлат рамзлари ва икки бошли бургут тасвири туширилган туғра меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу экспонатларнинг бир қисми мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан хориждан қайтарилгани ҳам алоҳида таъкидланди.
Экспозициянинг кейинги қисмида Каъба эшигининг нусхаси, 1988 йилда ишлатилган кисванинг асл намунаси, шунингдек, мамлуклар даврига оид Каъба калитлари намойиш этилган. Шу билан бирга, 2023 йилда Саудия Арабистони Қироли Салмон бин Абдулазиз томонидан Ўзбекистон раҳбарига тақдим этилган кисва парчаси ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Бу экспонатлар Ислом дунёсидаги муқаддас анъаналар ва тарихий мероснинг узвийлигини намоён этади.
Биринчи Ренессанс даври экспозициясининг ўнг қисмида жойлашган интерактив капсулалар ҳам меҳмонларнинг эътибор марказида бўлди. Биринчи капсулада ислом динининг тарқалиши, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг турли ҳукмдорларга юборган мактублари нусхалари, Қуръони Каримнинг IX–XI асрларга оид қўлёзмалари ва саҳифалари намойиш этилди. Меҳмонларга ушбу қўлёзмаларнинг сақланиши, ўрганилиши ва тадқиқ қилиниши бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Иккинчи капсулада Аббосийлар халифалиги даврида Боғдод шаҳрида ташкил этилган, юртимизда фаолият олиб борган, турли миллат ва эътиқод вакиллари биргаликда илм тарқатиш ва кашфиёт яратишга хизмат қилган қадимий илм маскани – “Байтул ҳикма” фаолияти ёритилиб, Муҳаммад ал-Хоразмийнинг алгебра илмига асос солгани, унинг кашфиётлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани таъкидланди. Шу билан бирга, Аҳмад Фарғоний томонидан ишлаб чиқилган нилометр қурилмаси, унинг гидростатик қонунларга асосланган ишлаш тамойили ва бу орқали сув миқдори ҳамда ҳосилдорликни башорат қилиш имкониятлари ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.
Меҳмонлар Абу Наср Форобийнинг илмий мероси билан ҳам танишиб, унинг “Фозил одамлар шаҳри” асари орқали идеал жамият модели ҳақидаги қарашлари, шунингдек, мусиқа назариясига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот олдилар.
Темурийлар даврига бағишланган бўлим – Икккинчи Ренессанс даври экспозицияси ҳам делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, Шодмалик хотун томонидан ёзилган Қуръон нусхаси, Шоҳруҳ Мирзо кутубхонасига оид қўлёзмалар, Бойсунғур Мирзонинг китобат санъатига қўшган ҳиссаси, Мирзо Улуғбекнинг астрономия мактаби ва Иброҳим Султоннинг хаттотлик мероси ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Айниқса, Мирзо Улуғбек расадхонаси макети ва унинг илмий фаолияти ҳақидаги маълумотлар алоҳида қизиқиш билан тингланди.
— Бу ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Расадхона макети орқали осмон жисмларини кузатиш тизими қандай ташкил этилганини англаш мумкин. Поғонали тузилиш орқали ҳар бир осмон қатламини алоҳида ўрганиш имконияти яратилган. Бу гўёки бутун коинотни математик ва график шаклга солишга бўлган улкан илмий ҳаракат.
Албатта, Тошкентга келган ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриши керак. Бу марказ ўтмиш ва бугунни боғлайдиган, инсонни ўйлашга ундайдиган ноёб маскан, — деди Омер Кучукевжилиоғлу.
Ташриф якунида меҳмонлар марказнинг барча турк дунёси вакиллари учун муҳим маърифий маскан сифатида баҳоладилар.










