Туризм театрлари фаолияти йўлга қўйилади

Туризм театрлари фаолияти йўлга қўйилади

rszpglanoveovelonvlvervypyukp.jpg

Ўзбек театр санъатининг халқаро нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси бўйлаб туризм театрлари фаолияти йўлга қўйилиши кутилмоқда.

– Театр томошалари қадимдан халқимиз орасида, бозорларда, одамлар кўп йиғиладиган жойларда намойиш қилинган, – дейди лойиҳа ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Театр арбоблари уюшмаси раиси ўринбосари Усмон Эратов. – Юртимизга ташриф буюрадиган туристлар халқимизнинг жонли театр томошаларини кўриш орқали халқ оғзаки ижоди, миллий қаҳрамонлар, урф-одатлар, этнографиямиз ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлишади.

Шу мақсадда туризм театрларини ташкил этаяпмиз. Туристлар асосан тарихий ёдгорликлар кўп бўлган шаҳарларга келишади. Уларнинг алоҳида вақт ажратиб, театрга тушиши бироз қийин. Лекин биз уларнинг режасига туризм театрини қўшсак, бу уларнинг ўзбек театр санъати, қолаверса, халқимизнинг маданияти ва санъати ҳақидаги тасаввурларини бойитади.

Дастлабки лойиҳада юртимизнинг тўрт ҳудудида – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳрида туризм театрлари ташкил қилинади. Кейинчалик бошқа шаҳарларда ҳам махсус туризм театрлари тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Театр арбоблари уюшмаси ушбу лойиҳани Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширмоқда. Лойиҳа 2021 йилнинг январ ойидан бошланиши режалаштирилган.

rdplaenvngovaelnvenolavnevolen.jpg

ЎзА