Тошкентдаги янги музей энг муҳим лойиҳалар рўйхатига киритилди
Тошкентдаги янги музей энг муҳим лойиҳалар рўйхатига киритилди

Британиянинг нуфузли BBC нашри 2026 йилда очилиши кутилаётган олтита энг муҳим музейлар рўйхатига Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказини ҳам киритди. Нашрда бундай маданий масканлар 2026 йилда улар жойлашган шаҳарлар қиёфасини тубдан ўзгартириши мумкинлиги қайд этилган.
BBC мақоласида Тошкентдаги ушбу улкан маданий-маърифий мажмуа Ипак йўлидаги ислом илм-фани ва маданиятининг муҳим марказларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маънавий меросини намойиш этишга мўлжаллангани таъкидланган.
Нашрда марказ биносининг меъморий кўриниши ҳам алоҳида эътиборга олинган. Хусусан, феруза тусдаги мозаикалар билан безалган монументал гумбаз мажмуага хос ёрқин жиҳатлардан бири сифатида қайд этилган. Шунингдек, марказнинг муҳим қисми ҳисобланган Қуръони карим зали бунёд этилаётгани, унда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси — қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилиши режалаштирилгани айтилган.