Тошкентда Халқаро ҳунармандчилик институти ташкил этилади
Тошкентда Халқаро ҳунармандчилик институти ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик, бадиий санъат ва дизайн институтини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Институт аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришда илмий ёндашувларни тадбиқ этишни йўлга қўйиш, соҳада халқаро талаблар асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Институтнинг асосий вазифалари сифатида ҳунармандчилик йўналишида олий маълумотга эга кадрларни тайёрлаш, жумладан «уста-шогирд» анъаналари асосида дуал таълим тизимини кенг жорий қилиш, ҳунармандчиликнинг анъанавий турларини сақлаб қолган ҳолда уларни замон талабларига мослаштириш, шунингдек
ҳунармандчилик ҳамда замонавий архитектура, қурилиш, дизайн, тўқимачилик ва бошқа саноат соҳалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаш белгиланган.
Ушбу олийгоҳда ўқитиш нуфузли хорижий олий таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда институт томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Институтда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда моддий-техник имкониятларидан келиб чиқиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.




