Тошкентда дунё олимлари Темурийлар тамаддуни мавзусини муҳокама қилмоқда
Тошкентда дунё олимлари Темурийлар тамаддуни мавзусини муҳокама қилмоқда

Пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва Темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий конференция иш бошлади.
Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуман халқаро илмий мулоқот учун муҳим майдон сифатида намоён бўлди. Тадбирда 20 га яқин мамлакатдан 300 нафарга яқин олим, эксперт, дипломат, шунингдек жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.
Ялпи мажлис ва шўъба йиғилишларида давлат бошқаруви ва дипломатия, ҳарбий стратегия, меъморчилик ва шаҳарсозлик, илм-фан ва таълим ривожи каби йўналишларда илмий маърузалар тақдим этилмоқда. Мутахассислар Темурийлар даври меросини замонавий илмий ёндашув асосида ўрганиш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.
Иштирокчилар учун Ислом цивилизацияси маркази билан танишув, мавзули кўргазмалар ҳамда маданий дастурлар тайёрланган. Умуман, сермазмун дастур тадбирни илмий жиҳатдан бойитиш баробарида,меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини яратади.
Конференция якунида муҳим илмий тавсиялар ишлаб чиқилиб, Темурийлар меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган қўшма ташаббуслар илгари сурилиши кутиляпти.