Тошкент бош режасига ўзгартириш киритилди
Тошкент бош режасига ўзгартириш киритилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида комплекс қурилиш тамойили асосида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда яшил ҳудудларни барпо этиш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасига ўзгартиришлар киритилди.
Янги қарорга мувофиқ, пойтахтда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳужжатнинг асосий кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилди. Таклифлар Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда шаҳар ҳокимлиги томонидан киритилган.
Қарорга кўра, хорижий ва маҳаллий инвесторлар иштирокида умумий қиймати 16,2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 31 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳалар 2311,4 гектар ер майдонига жойлаштирилади.
Қурилиш ишлари натижасида ҳар йили қўшимча равишда, 1,5 миллиард доллар ялпи ҳудудий маҳсулот, 3,5 триллион сўм соф солиқ тушумлари, 260 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Лойиҳалар доирасида кўп қаватли турар жой мажмуалари (9 ва 16 қаватли уйлар), биринчи қаватлари тижорат объектлари бўлган бинолар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда ижтимоий-дам олиш инфратузилмаси барпо этилади.
Қурилиш ишлари Бектемир, Миробод, Сергели, Чилонзор, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Учтепа ва Янгиҳаёт туманларида амалга оширилиши режалаштирилган.