Тошкент ҳавоси яхшиланади

Тошкент ҳавоси яхшиланади

 aisisicyapryifva.jpg

 

       Ўзбекистон президенти имзолаган қарор билан экология соҳаси бўйича янги чоралар дастури тасдиқланди. Унга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида мавжуд иссиқхона хўжаликларини табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича зарур ташкилий-техник чора-тадбирлар тўғрисида 2025 йил охиригача таклифлар ишлаб чиқилади.

        Йил охиригача, шунингдек, мазут ва шунга ўхшаш юқори ифлослантирувчи ёқилғи турларидан фойдаланган ҳолда атмосферага зарарли моддалар чиқарилишининг олдини олиш мақсадида жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритиш юзасидан ҳам таклифлар ишлаб чиқилади.

       Иссиқхоналар кафолатланган ҳажмдаги газ билан таъминланади. Уларга солиқ имтиёзи ҳам берилди

       Декабр ойидан эътиборан, Тошкент шаҳрида юк ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини тиғиз вақтларда чеклаш амалиёти йўлга қўйилади. Бу тартиб жорий қилинадиган кўчаларни Ички ишлар вазирлиги белгилаб беради.

       2026 йил март ойига қадар, қурилиш объектларида қурилиш бошланишидан олдин қурувчи ташкилотлар томонидан фон мониторинг станциялари ва онлайн камералар ўрнатилиши ҳамда бошқа экологик чораларни назарда тутувчи “Қурилишда экологик фаолият стандарти талаблари” ишлаб чиқилади. Бу талаблар халқаро стандартларга жавоб бериши керак.