Тирбандликларнинг олдини олиш чоралари
Тирбандликларнинг олдини олиш чоралари

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда транспорт бошқарувини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш чораларига доир тақдимот билан танишди.
Кейинги йилларда пойтахтда жамоат транспортини ривожлантириш бўйича анча ишлар қилинди. Автобуслар парки икки баробарга кенгайтирилиб, уларнинг умумий сони 1,9 мингтага яқинлашди, қатнов интервали 30 дақиқадан 15 дақиқага қисқарди. Натижада автобуслардан фойдаланувчиларнинг сони кунлик 1,4 миллион нафарга етди.
Ерости ва ерусти метрополитен линияларининг умумий узунлиги 70,5 километрга етказилиб, бекатлар сони 29 тадан 50 тагача ошди. Метро бир кунда 900 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатмоқда.
Шаҳар кўчаларида ҳаракатни ташкил этишнинг техник ишлари кўлами кенгайиб, 2870 та белги алмаштирилди, 2770 та янги белги ва 55 та светофор ўрнатилди.
Шу билан бирга, аҳоли ва транспорт воситалари сонининг ўсиши, шаҳардаги иқтисодий жараёнлар натижасида йўл инфратузилмасига юклама кескин ортмоқда. Пойтахтнинг асосий транспорт йўлакларига босим 2 баробар кўпайгани, кейинги йиллардаги 7-8 балли тирбандликлар одатий ҳолга айлангани кўрсатиб ўтилди. Жамоат транспортидан фойдаланиш улуши шахсий автомобилларникидан камлигича қолмоқда. Буларнинг барчаси экологик ҳолатга ҳам ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда.
Дунё амалиётида йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг самарали усули сифатида интеллектуал транспорт тизими кенг қўлланилмоқда. Мазкур ёндашувга кўра, шаҳарларда ҳаракатни ўз вақтида назорат қилиш, таҳлилини олиб бориш ва режалаштириш марказлашган ҳолда амалга оширилади.
Тақдимотда шу мақсадда Тошкент шаҳрида ягона йўл ҳаракатини ташкил этиш марказини яратиш таклиф қилинди.