ТАРИХНИ АНГЛАГАН ЁШ — КЕЛАЖАКНИ ҚУРАДИ: ИИВ TАЪЛИМ МУАССАСАСИ ЎҚУВЧИЛАРИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИДА

ТАРИХНИ АНГЛАГАН ЁШ — КЕЛАЖАКНИ ҚУРАДИ: ИИВ TАЪЛИМ МУАССАСАСИ ЎҚУВЧИЛАРИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИДА

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ички ишлар вазирлиги академик лицейи ўқувчилари билан мазмунли учрашув бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ички ишлар вазири ташаббуси ҳамда Марказ раҳбарияти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир ёш авлодни миллий мерос, замонавий билим ва касбий масъулият руҳида тарбиялашга қаратилгани билан аҳамият касб этди.

 

 

Учрашувда Ички ишлар вазирлиги вакили, полковник Сахипжамал Джолдасова сўзга чиқиб, вазирнинг самимий табригини ўқувчиларга етказди. Самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтган суҳбат давомида ёшларнинг келажак касбий йўли, масъулияти ва жамиятдаги ўрни ҳақида муҳим фикрлар билдирилди.

 

Тадбир доирасида ўқувчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг китоби ҳамда Ички ишлар вазири томонидан йўлланган табрик сўзлари топширилди. Таъкидланганидек, бундай эътибор ва рағбат ёшларнинг эртага замонавий, фидойи ва Ватанга садоқатли ички ишлар органлари ходимлари сифатида шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

“Қадрли издошим! Сиз бугун Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасасида таҳсил олар экансиз, ҳар бир дақиқангизни замонавий билимларни эгаллашга, касбий маҳоратингизни оширишга йўналтиришингиз лозим”, - деган мазмундаги мурожаат учрашувнинг асосий руҳини ифода этди.

 

 

Учрашувдан сўнг ўқувчилар Марказ музейининг бой экспозицияси билан танишиб, аждодларимизнинг беқиёс илмий ва маданий меросини яқиндан кўриш имконига эга бўлдилар. Улар ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, бундай ташрифлар нафақат билим, балки маънавий руҳиятни бойитишини алоҳида таъкидладилар.
Мазкур учрашув ва ташриф ёшларни юксак маънавият, ватанпарварлик ва касбий садоқат руҳида тарбиялаш йўлида муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди.
Ички ишлар вазирлиги академик лицейи ўқувчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюришди. Мазкур ташаббус Ички ишлар вазири ҳамда Марказ раҳбарияти ҳамкорлигида амалга оширилди.

 

Сахипжамал Джолдасова, ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғи, Подполковник:

“Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — ёшларни дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой илмий ва маданий мероси билан яқиндан таништиришдан иборат.

Экскурсия давомида ўқувчилар асрлар қаъридан сўзловчи ноёб экспонатлар, тарихий ашёлар ва замонавий кўргазмалар билан танишиб, ўз билимларини янада бойитдилар, маънавий дунёқарашларини кенгайтирдилар.
Бундай ташрифлар ёшларнинг келажакда танлаётган касбига масъулият билан ёндашиши, Ватанга садоқат руҳида хизмат қилиши учун муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бу каби учрашув ва ташрифларни мунтазам равишда ташкил этиш режалаштирилган.

Ислом цивилизацияси маркази раҳбариятига самимий миннатдорчилик билдирамиз ва мазкур ҳамкорлик келгусида ҳам изчил давом этишига ишонч билдирамиз”.

 

 

Шоҳжаҳон Фарҳодов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Навоий академик лицейи биринчи босқич ўқувчиси:

 

“Бугун бизга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг табриги ўқиб эшиттирилди. Бу бизга катта руҳий куч, ишонч ва айни пайтда улкан масъулият юклади.

 

Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб турибмиз. Бу ерда аждодларимизнинг бой илмий ва маданий мероси билан яқиндан танишиб, жуда катта таассуротлар олдим. 

 

Мен ҳар бир ёшга ўз халқининг буюк тарихини ўрганишни тавсия қилган бўлардим. Чунки ўз тарихини билган авлодгина келажакни ишонч билан қура олади.
Ишонаманки, биз — ёшлар Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс даври бунёдкорлари сифатида юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшамиз ва Президентимиз билдирган юксак ишончни оқлаймиз”.