Тарих ва замонавий ёндашув уйғунлиги: АҚШ делегацияси Марказ фаолияти билан танишди
Тарих ва замонавий ёндашув уйғунлиги: АҚШ делегацияси Марказ фаолияти билан танишди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яна бир нуфузли халқаро делегацияни қабул қилди. АҚШ Давлат департаментининг Наркотикларга қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари бўйича бюроси (INL)нинг Европа ва Осиё дастури бўйича бошқармаси директори Марк Тервакоски бошчилигидаги делегация Марказ экспозициялари билан батафсил танишди.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказнинг архитектураси, экспозицияларнинг изчиллиги ва замонавий технологиялар асосида ташкил этилган тақдимотларини юқори баҳоладилар. Улар саёҳатни анъанавий тарзда “Буюк сиймолар галереяси”дан бошлаб, бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври алломаларининг 110 хил рангли микромозаикалар орқали яратилган тасвирлари билан танишдилар. Мазкур санъат асарлари меҳмонларда нафақат эстетик, балки тарихий жиҳатдан ҳам катта таассурот қолдирди.
Исломдан аввалги давр экспозициясида қадимги цивилизациялар, илк давлатчилик ва савдо муносабатлари ҳақидаги маълумотлар делегация диққат марказида бўлди. Айниқса, археологик топилмалар, илк пул муомаласига оид намуналар ва Буюк ипак йўлига доир материаллар тарихий жараёнларни чуқур англаш имконини бергани таъкидланди. Экспозициядаги интерактив ечимлар орқали ўтмиш манзараларининг жонли ифодаланиши меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Биринчи Ренессанс бўлимида илм-фан ва маърифат тараққиётига бағишланган қисмлар алоҳида эътиборга тушди. Ушбу бўлимдаги нодир қўлёзмалар, меъморий ечимлар ва маданий мерос намуналари орқали Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси яққол намоён этилгани қайд этилди.
Иккинчи Ренессанс бўлимида эса Амир Темур ва темурийлар давридаги давлатчилик, дипломатия ва илм-фан ривожи кенг ёритилгани делегацияда катта қизиқиш уйғотди. Сарой кутубхонаси муҳити, тарихий манбалар ва интерактив тақдимотлар орқали ўша давр руҳини ҳис қилиш имконияти яратилгани юқори баҳоланди.
Марк Тервакоски, АҚШ Давлат департаментининг Наркотикларга қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари бўйича бюроси (INL)нинг Европа ва Осиё дастури бўйича бошқармаси директори: “Мен Ислом цивилизацияси марказидаги экспозициялардан жуда катта таассурот олдим. Айниқса, улкан залда намойиш этилган тарихий Қуръон билан боғлиқ бўлим мени чуқур ҳайратга солди. Тарих ва археологияга қизиқувчи инсон сифатида бутун мажмуа бўйлаб юрар эканман, Ўзбекистон ва унинг халқининг нақадар бой ва чуқур тарихга эга эканини яна бир бор ҳис қилдим.
Менимча, марказнинг Guinness World Records рўйхатига киритилиши Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада оширади. Бу орқали бу ерда жамланган маданий ва тарихий мерос ҳақида дунё жамоатчилиги кўпроқ билиб боради ва мамлакатга бўлган қизиқиш янада ортади.Мен АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорлик келажакда янада ривожланишига ишонаман. Бундай марказлар икки халқ ўртасидаги мулоқот ва тажриба алмашиш учун жуда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, мен марказнинг барпо этилишида Шавкат Мирзиёев ташаббусини алоҳида эътироф этаман. Аниқ мақсад ва стратегик ёндашув орқали бундай йирик ва мазмунли лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини бу марказ яққол намоён этмоқда.Экспонатлар орасида қайсинидир алоҳида ажратиш қийин. Аммо Аурангзеб даврига оид Қуръон оятлари туширилган хирқа менда алоҳида таассурот қолдирди. У нафақат ноёб, балки чуқур тарихий маънога эга бўлган асар сифатида мени ҳайратга солди”.
“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Делегация аъзолари мазкур бўлимдаги материаллар орқали Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт йўли ва халқаро ҳамкорликка очиқ сиёсатини алоҳида эътироф этдилар.
Ташриф якунида меҳмонлар Марказнинг юраги — Қуръони Карим залига ташриф буюрдилар. Бу ерда VII асрга мансуб ноёб Усмон мусҳафи, унинг атрофида жойлашган Қуръон нусхалари ҳамда замонавий мэппинг-голограмма намойиши делегацияда чуқур ҳиссий таассурот қолдирди. Залнинг архитектураси, бадиий ечимлари ва муқаддас меросга бўлган эҳтиром муҳити алоҳида қайд этилди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Марказни тарихий меросни сақлаш ва уни замонавий форматда жамоатчиликка етказиш бўйича илғор намуна сифатида баҳолаб, унинг халқаро ҳамкорлик ва маданий мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.
Экскурсия якунида Марк Тервакоски марказнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз қайдларини қолдириб, ушбу маскан ҳақида чуқур таассуротларини изҳор этди.










