Тадбиркорлик бўйича янги ташаббуслар
Тадбиркорлик бўйича янги ташаббуслар

20 август куни Янги Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорларни касб байрами ва Мустақилликнинг 34 йиллиги билан табриклади.
Президентимиз ўтган саккиз йилда иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари янгидан ташкил этилганлигини таъкидлади.. Бу даврда 230 миллиард доллар инвестиция кириб келди, шундан 120 миллиард доллардан ортиғи хорижий сармоя. Бу йил биринчи ярим йилликда мамлакатимиз иқтисодиёти 7,2 фоизга ўсди.
Бизнес юритишдаги қулайликлар натижасида тадбиркорлар кўпайиб, фаолияти кенгайиб бормоқда. Масалан, 1 минг 600 та микро корхона бир йил ичида айланмасини 10 миллиард сўмдан ошириб, бирданига ўрта корхонага, 143 таси эса 100 миллиард сўмдан ошириб, йирик корхонага айланди. Яна 122 та кичик корхона йирик бизнес сафига қўшилди.
Бизнесни “соя”дан чиқариш чоралари натижасида 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайди, 273 мингта корхона иш ҳақи фондини 22 фоизга оширди. Ўтган йили хусусий секторда ўртача ойлик 4 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 5 миллион сўмга яқинлашди.
Президентимиз маҳаллий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ўртасида танлов ўтказиш таклифини илгари сурди. Танловнинг мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлади, сайёҳлар эътиборини қозонган, нуфузли халқаро платформаларда энг кўп ижобий эътироф олган меҳмонхоналар ҳар йили тақдирланади.
Инфратузилма олиб бориш орқали йирик туристик масканлари кўпайтирилади. Чортоқдаги Қорабоғ, Фарғонадаги Чимён, Бойсундаги Омонхона, Нурободдаги Нурбулоқ ҳудудларида йил давомида хизмат кўрсатадиган йирик курорт зоналар ташкил этилади.
Бу йил 16 та туманни жадал ривожлантиришга 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Келгусида яна 500 миллион доллар ҳисобига 30 та туманда шундай ишлар амалга оширилади. Бу саноат, сервис, қурилиш соҳаларидаги тадбиркорларга катта имконият, юз минглаб иш ўринлари яратиш учун шароит бўлади.
Мулоқотда таълим ва тиббиёт соҳаларига оид имкониятлар ҳам белгиланди. Хусусан, энди боғча қамрови паст бўлган 80 та туманда тадбиркорларга енгиллик берилади. Боғча ва мактабларнинг бўш ерларида хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат этилади. Бунда тадбиркорлардан ер учун ижара ҳақи 30 йил давомида ундирилмайди. Уларга давлат боғчасида ҳар бир болага кўзда тутилган харажатнинг ярми субсидия қилиб берилади. Шунингдек, ташаббускорларга имтиёзли кредит ажратилади. Уларга ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади. Тиббиёт кластерларини барпо этган тадбиркорларга 7 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоизли арзон кредитлар берилади.
Президентимиз бизнесни қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим инструменти – молиявий хизматлар эканини таъкидлади. Шу боис энди лойиҳага соддалашган тартибда маблағ жалб қилиш бўйича инвестиция платформаси ишга туширилади. Тадбиркорлар ушбу янги тизим орқали йилига қўшимча 1 миллиард доллар маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади. Ҳозир Ўзбекистонда 600 дан зиёд стартаплар фаолият юритмоқда. Шу йил етти ойда стартапларга рекорд миқдорда – 264 миллион доллар хорижий инвестиция кириб келди.
Учрашувда солиқ маъмурчилиги масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Амалдаги тартибга кўра, йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошган корхоналар фойда солиғи бўйича аванс тўлагани учун айланма маблағдан қийинчилик юзага келмоқда. Шу боис энди бу тартиб 20 миллиард сўмдан ошганда қўлланиши белгиланди. Натижада 14 мингга яқин тадбиркор ихтиёрида қўшимча 1 триллион сўмлик айланма маблағ қолади.
Бу йилдан бошлаб, “Ёш тадбиркорлар” чемпионати ўтказилади. Энг яхши 100 та ғоя танлаб олиниб, ҳар бир стартап учун 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади. Рақамли молиявий хизматларни кўпайтириш учун беш йиллик стратегия қабул қилинади. Бунда янги экотизим – “очиқ банкинг” жорий қилинади. Келгуси йилда банклар томонидан кичик ва ўрта тадбиркорликни мақсадли қўллаб-қувватлаш учун қулай шартларда 1 миллиард доллар жалб қилинади. Муқобил скоринг модели ишга туширилиб, кредит бериш шартлари осонлаштирилади.
Амалдаги тартибга кўра, йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошган корхоналар фойда солиғи бўйича аванс тўлагани учун айланма маблағдан қийинчилик юзага келмоқда. Шу боис энди бу тартиб 20 миллиард сўмдан ошганда қўлланиши белгиланди. Натижада 14 мингга яқин тадбиркор ихтиёрида қўшимча 1 триллион сўмлик айланма маблағ қолади.
