Табаррук қадамжо янада обод бўлмоқда

Табаррук қадамжо янада обод бўлмоқда

fyekryenfoerferkykerkerfuk.jpg

Мустақиллик йилларида халқимизнинг минг йиллик қадриятлари ҳаётга қайтиши баробарида ана шу қадриятларнинг ёрқин тимсоли бўлган табаррук қадамжолар ҳам ўз ҳаётининг янги саҳифасини бошлади. Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳудудидаги “Лангар ота” зиёратгоҳи ҳудди шундай табаррук қадамжолардан биридир.

Қамаши туманидаги Қизилтепа қишлоғидан 25-30 километр олисда, Ҳисор тоғ тизмалари оралиғидаги ўзига хос водийда жойлашган Лангар ота зиёратгоҳи мозийшуносларнинг гувоҳлик беришича, милодий 1520 йилларда бунёд этилган. Ўрта асрлар Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб намунаси бўлган ушбу хонақоҳ-мақбарада тасаввуф таълимотининг йирик вакиллари абадий қўним топган.

Яна бир эътиборга молик жиҳати бу ерда арабий ёзувнинг кўфий усулида жайрон терисига битилган қадимий Қуръон нусхаси сақланади.

“Лангар ота” зиёратгоҳи – ўз тарихи, унда яшаб ўтган комил инсонларнинг мамлакат тарихида тутган ўрни, мавқеи билан узоқ асрлар силсиласида яшаб келаётган маданий-тарихий обида. Зиёратгоҳ, ундаги мақбара ва масжид тарихини ўрганишнинг илдизлари бир неча асрларга бориб тақалади.

”Лангар” сўзининг этимологияси ҳақида жуда кўп илмий ва халқ нуқтаи назаридан берилган таъриф ва тавсифлар бор. Тадқиқотчилар орасида шу заминнинг фарзанди, фидойи тилшунос олим, профессор Т.Нафасов ўзининг “Ўзбек халқ топонимлари” китобида “Лангар” сўзининг маъносини шундай шарҳлайди.

“Лангар” сўзи кўп маъноли бўлиб, мувозанат, қўнимгоҳ, ибодатхона, карвонсарой, хонақоҳ, йўлдаги бекат маъноларини беради” – деса, таниқли тарихшунос олим П.Равшанов “Қашқадарё тарихи” китобида “ХVI асрда Катта Лангар қишлоғи Шаҳрисабз вилояти маъмурий ҳудуди таркибида бўлиб, Кўкбулоқ тоғининг олд қисмида жойлашган, табиати гўзал гўшасида вужудга келган ёдгорликлар масжид ва мақбара шарқ меъморчилигининг ноёб асрлари ҳисобланади”, деб маълумот берган.

Тадқиқотчиларнинг айтишига кўра, “Лангар ота” мақбараси гумбази тепасига ўрнатилган тўрт туғли белги – тасаввуф таълимотининг туб моҳиятини ўзида мужассам этган “шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат илмининг тамойили саналади. Худди шундай тўрт туғ ислом оламида яна бир жойда – Туркия давлатининг Кўнё шаҳридаги буюк мутасаввуф аллома Жалолиддин Румий ҳазратларининг мақбараси гумбази устига қўйилганлиги билан машҳурлигини оширади.

Зиёратгоҳнинг яна бир оламшумул довруғини бугунги кунда эл-улус, илму ориф ўртасида машҳур қилиб турган – муборак Хирқасидир. “Хирқа” –кийим, либос маъносида бўлиб, қамашилик шарқшунос тадқиқотчи олим Абдусаттор Жуманазаров “Яккабоғ – соҳибқирон камол топган юрт” китобида бу “Хирқаи муборак” пайғамбаримиз жаноб Расуллуллоҳ (разиааллоҳу анҳу, сал.ал.вас) нинг муборак тўнлари бўлиб, садоқатли Амир Темур бу хирқани Суриядан келтириб, Шайх Ҳасан Анҳорий Самарқандийга туҳфа қилгани, бу хирқа ворислик йўли билан ушбу зиёратгоҳда қўним топган Шайх Муҳаммад Содиққа етиб келгани, “Хирқаи муборак”ни сақлаш учун подшоҳ Шоҳруҳ Мирзо пишиқ ғиштдан ганчкор хонақоҳ ва айвон қурдиргани ва яна бу ерда Усмон қўли билан ёзилган Қуръоннинг беш-олти пораси ҳам сақланганлиги тўғрисида маълумотлар борлигини айтиб ўтади.

Кўриниб турибдики, Лангар ота зиёратгоҳи маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар эътиборини ўзига жалб этиши тайин. Бироқ мақбарада охирги таъмирлаш ишлари бажарилганига анча бўлиб қолган. Қолаверса, зиёратгоҳга бориш йўли ва кўприклар ҳам таъмирталаб аҳволга келган. Агар бу ишлар ўнгланса, сайёҳлар келиб-кетишга қийналмайди, уларнинг ташрифи қишлоқ аҳолиси учун ҳам анча манфаатли бўлади. Чунки хизмат кўрсатиш, савдо фаолияти кенгайиши янги иш ўринларига замин ҳозирлаши шубҳасиз.

Бир муддат аввал вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Лангар ота зиёратгоҳида бўлиб, ушбу муқаддас қадамжони янада обод қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар берган эди. 

Шундан сўнг ишлар жадаллашиб, масжидни таъмирлаш учун хайрия акцияси эълон қилинди. Тарихий обиданинг янада кўркам бўлишига ўз ҳиссасини қўшишни истаган савобталаб инсонлар ва саховатли тадбиркорлар бирин-кетин маблағ ўтказиш ишларини бошлаб юборишди ва бугун зиёратгоҳда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Насиб этса ушбу зиёратгоҳ кўркам ва обод гўшалардан бирига айланади.

 

Ў.БАРОТОВ,

ЎзА