“Сурхон воҳаси – Ўрта Осиё кулолчилиги тамаддуни”
“Сурхон воҳаси – Ўрта Осиё кулолчилиги тамаддуни”

Термиз археология музейида “Сурхон воҳаси – Ўрта Осиё кулолчилиги тамаддуни” деб номланган ноанъанавий кўргазма ташкил этилди.
Унда Сурхондарё воҳасининг қадимий бой тарихини ўзида мужассам этган нафис ва ноёб сопол буюмлар ўрин олган.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида бугунги шиддаткор даврда вужудга келган тезкор, кўп жараёнли роботехника, замонавий компьютер ва виртуал тизимлар ўтмишда ота-боболаримиз яратган моддий ва маданий бойликлар ўрнини боса олмаслиги таъкидланди. Бу жараёнда аждодларимиз томонидан милоддан аввалги иккинчи ва биринчи минг йиллик орасида барпо этилган ноёб сополлар ҳам ўзининг нафис ва бежиримлиги билан дунё аҳлини лол этаётгани ҳақида фикр алмашилди.
– Музейимизда турли даврларга оид 104 минг дона археологик топилма мавжуд, – дейди ҳаракатдаги кўргазмалар бўлими мудири Райхона Нуралиева. – Уларнинг 14 мингтаси сопол буюмлардир. Ушбу кўргазмада эса 46 дона энг ноёб кўза, хумдон, ваза сингари қадимий кулолчилик буюмларини намойиш этмоқдамиз.

Воҳанинг турли археологик ёдгорликларидан топилган кулолчилик буюмлари томошабинларда бой таассурот уйғотди. Айниқса, бронза даврида юксак дид билан ясалган нафис, бежирим хурмоча, кўза, қадаҳ ва бошқа сопол идишлар қадимги халқ ҳунармандчилиги тараққиёт босқичларини яқиндан ўрганишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
– Ўтмишда тупроқдан қўл кучи билан шундай нафис санъат асарлари, ноёб буюмлар яратилганига қойил қолмай илож йўқ, – дейди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров.
– Айни пайтда хорижда ҳам воҳанинг қадимги маданияти, илм-фани ва ривожланиш босқичларига катта қизиқиш бор. Аслида инсоннинг ўзи ҳам тупроқдан яралган. Шунингдек, ўтмишда тупроқдан ясалган бу буюмлар ҳам одамлар эҳтиёжи учун хизмат қилган. Шу боис мазкур экспонат тарихдан сўзлайди.
Ўтмишимизни билиш учун қадимги ноёб кулолчилик буюмларимизга, шу каби кўргазмаларга тез-тез мурожаат этиб туришимиз лозим. Бундай кўргазмалар ҳудудга сайёҳлар қизиқишини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу ердаги экспонатлар томошабин сифатида менинг тасаввурларимни янада бойитганидан мамнунман.
Тадбир доирасида минтақамизда ягона бўлган музей фондида мавжуд кулолчилик буюмларининг сақланишига оид қизиқарли видеоролик намойиш этилди. Шу ернинг ўзида термизлик моҳир кулоллар кўргазма иштирокчилари учун маҳорат дарслари ташкил этди. Таниқли бахши Муҳаммад Эшбоев ижро этган дилтортар термалар барчага ўзгача завқ улашди.
ЎзА




