“Сунъий интеллект” тушунчаси
“Сунъий интеллект” тушунчаси

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида “Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сунъий интеллект технологиялари барча соҳаларнинг самарали фаолиятига ижобий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Сунъий интеллект бугунги кунда инсониятга кенг имконият тақдим этиш билан бирга, ижтимоий-сиёсий жараёнларга, хусусан инсон ҳуқуқларига ва шахсга доир маълумотлар дахлсизлигига таҳдидларни юзага келтира бошлади.
Шу сабабли, сунъий интеллект технологиялари соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш зарур. Шу муносабат билан амалдаги бир қатор қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, қонунчиликда “сунъий интеллект” тушунчасига таъриф берилмоқда. Ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда махсус ваколатли органнинг вазифалари, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидалари белгиланмоқда.
Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурсларига маркировка қўйиш тартиби, улар ёрдамида қонунга хилоф равишда шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ОАВ ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатишга йўл қўймаслик мажбурияти белгиланмоқда.