Сўфи Оллоёр (1644-1724)
Мақола мазмуни: Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи (XVII–XVIII аа.) Сурхондарё вилояти Катта Вахшивор қишлоғида жойлашган бўлиб, у ерда ўзбек мумтоз адабиёти, тасаввуф илми анъаналарининг давомчиси сифатида ўзига хос мактаб яратган шоир ва мутафаккир Сўфи Оллоёр (1644–1721)нинг хоки ётибди. Ривоятга кўра, Сўфи Оллоёр халифалари билан Самарқанддан чиқиб, ҳозирги зиёратгоҳ жойига тўхтаган. Ерли аҳоли бу жойни мазкур авлиёнинг қадамжоси ҳисоблаб, унинг яқинида кичик масжид бунёд этган. Натижада бу объект зиёратгоҳга айланган.
Сўфи Оллоҳёр ўзбек ва форс тилларида бир канча нодир асарлар яратган. Манбаларда таъкидланишича, Сўфи Оллоҳёр “Маслакул-муттақин” (“Тақводорлар маслаги”), “Муродул орифин”, “Сирожул ожизин”, “Махзанул мутьийин”, “Нажотут толибин” каби асарлар муаллифидир. Сўфи Оллоҳёр ўз асарларида Қурьону Карим ва Ҳадисларда буюрилганни сидқидилдан бажаришга даъват этиш билан ҳалоллик, сабр-тоқат, бир-бирига ёрдам кўрсатиш ва дўстона муносабатлар, сахийлик ва камтаринликка ундайди.
Сўфи Оллоёр (1644-1724)
Сўфи Оллоёр (1644, Каттақўрғон беклиги Минглар қишлоғи — 1724, Денов) — тариқат арбоби ва мутасаввуф шоир. Шайхлар мактаби ва Бухородаги жўйбор шайхлари даргоҳида таълим олган. Ўз даврининг барча асосий илмларини эгаллаган, араб ва форс тилларини ўрганган. Бухоро хони Абдулазизхон томонидан бож маҳкамасига тўра этиб тайинланган. Дарвешона феъл, шоирона кўнгил соҳиби бўлган Сўфи Оллоёр бу лавозимдан тезда истеъфо бериб, ўз даврининг машҳур шайхи Наврўзга шогирд тушган, тарикат талабларини бажариб, шайхлик мартабасига кўтарилган, валиуллоҳ (каромат соҳиби) бўлиб етишган.
Туркий ва форсий тилларида ижод қилган Сўфи Оллоёр ижодининг асосий йўналиши ислом маърифатини кенг халқ орасига ёйиш ва тасаввуфнинг инсоний камолот билан боғлиқ ғояларини тарғибташвиқ қилишдан иборат. У «Маслак ул-муттақин» («Тақводорлар маслаги»), «Мурод ул-орифин» («Орифлар муроди»), «Маҳзан ул-мутеъин» («Итоаткорлар хазинаси») асарларини форсий, «Сабот ул-ожизин» («Ожизлар саботи»), «Фавз ун-нажот» («Нажот тантанаси») маснавийларини туркий тилда яратган. Форсий ва туркийда битилган бошқа шеърлари ҳам мавжуд. «Мевалар мунозараси» номли манзума хам унга нисбат берилади.
Сўфи Оллоёрнинг шоҳ асари «Маслак ул-муттақин» бўлиб, 12 минг байт, 135 та катта-кичик бобдан иборат. Илоҳий маърифатнинг бадиий талқинига бағишланган бу асар эл орасида шуҳрат тутганидан сўнг дўсту яқинлари ундан туркий тилда ҳам шундай бир китоб ёзишни илтимос қиладилар.
Бунга жавобан у «Маслак ул-муттақин»ни бирмунча қисқартириб, ўзбек тилида назмда битган ва унга «Сабот ул-ожизин» деб ном берган. Ўзбек фалсафий дидактик адабиётининг етук намунаси бўлмиш ушбу асарда тасаввуф таълимотининг маънавий-ахлоқий масалаларини кенг ёритиш билан у туркий тасаввуф адабиёти ривожига катга ҳисса қўшган.Асарларида ислом аҳкомлари, тариқат талаблари, инсоний комиллик шартларини бирма-бир таърифлаб берган. Ахлоқий-таълимий аҳамияти жиҳатидан, хусусан, «Маслак ул-муттақин» ва «Сабот ул-ожизин» асарлари мактаб ва мадрасаларда асосий дарсликлар қаторида ўқитилиб келган. Унинг диний-тасаввуфий руҳдаги панду ҳикматга йўғрилган асарлари нафақат Туркистон, балки Қашқардан тортиб Этел (Волга), Ёйиқ (Урал) дарёлари воҳалари, Ҳожитархон (Астрахан), Булғор, Оренбург ва бошқа минтақаларда яшовчи халқлар орасида ҳам кенг тарқалган. Улар кўп нусхаларда кўчирилган. 19-асрнинг охирларига келиб эса Тошкент, Қозон, Боку, Истанбул ва бошқа шаҳарларда тошбосма йўли билан бир неча марта босилиб чиққан. Сўфи Оллоёр асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган, уларга бағишлаб шарҳлар ёзилган, луғатлар тузилиб, у қўллаган тасаввуфий истилоҳ-тимсоллар кенг шарҳланган.