Стратегик шериклик ва иттифоқчилик янада ривожлантириладш

Стратегик шериклик ва иттифоқчилик янада ривожлантириладш

 

pvarvaprvaprvapryvparyvarpfukpuvkprparrrrrrrrrrrrrrrrrrrrrrr.png 

 

Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Товар айирбошлаш барқарор ўсиб, ўтган йили 5 миллиард долларга етди. Автомобилсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, логистика, электротехника, қурилиш материаллари ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Шунингдек, томонлар “Қамбарота” гидроэлектр станцияси қурилиши каби йирик минтақавий лойиҳаларни жадаллаштириш ва “яшил” энергия экспорти бўйича ташаббусларни илгари суриш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий экологик ташаббусларни илгари суриш, шу жумладан чегарадош ҳудудларда “Тоза ҳаво” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда ишлаш муҳимлиги қайд этилди.

Етакчилар инновацион ва юқори технологик соҳаларда, жумладан, космик технологиялар, рақамлаштириш, электрон тижорат ва стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга интилиш қатъийлигини билдирдилар.

Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш, жумладан, маданият кунлари, ёшлар форумларини ўтказиш, креатив иқтисодиёт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Учрашув давомида бош вазирлар ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартибининг долзарб жиҳатлари, жумладан, яқин истиқболда ўзаро савдони 10 миллиард долларга етказиш бўйича кўрилаётган чоралар бўйича ҳисоботлари эшитилди.

Музокара якунида ҳукуматларга эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш топширилди.