Саудия Арабистони Рамазон ойи муносабати билан 50 тонна хурмо совға қилди
Саудия Арабистони Рамазон ойи муносабати билан 50 тонна хурмо совға қилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Вақф» хайрия жамоат фонди, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Подшоҳ Салмон номидаги инсонпарварлик ёрдами маркази вакилларининг учрашуви ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ишончли ҳамкорлик ва дўстона муносабат ўрнатилган бўлиб, биргаликда қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Учрашувда Подшоҳ Салмон номидаги инсонпарварлик ёрдами маркази яқинлашиб келаётган Рамазон ойи муносабати билан мамлакатимизга 50 тонна хурмо тақдим этаётгани маълум қилинди.
Инсонпарварлик кўмагини Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳишом ибн Мишъал ибн Сувайлим Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ва «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмоновга топширди.

Хурмо «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан Рамазон ойи арафасида республикамиздаги диний ташкилотлар, масжидлар, таълим муассасалари ва ҳудудлардаги кам таъминланган оилаларга хайрия сифатида тарқатилиши режалаштирилган.
«Дунё» АА




