“Шарқ Ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар”
“Шарқ Ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар”

Пойтахтимизда “Шарқ Ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигининг ялпи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унинг доирасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Халқаро экспертлар кенгаши, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг кенгайтирилган илмий кенгашининг умумий йиғилишида Тошкентнинг тарихий марказида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг илм-фан, ислом таълимоти ва тарихи, маънавият ва маърифатга доир барча маълумотларни энг сўнгги рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект янгиликларини ўзида мужассам этгани ҳолда ифода этишига оид режа ва лойиҳалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Анжуманда мамлакатимиз ва хорижнинг етакчи тарихчи, қадимшунос олимлари, экспертлар, музейшунослар, реставраторлар, дин соҳаси вакиллари, хаттотлар, мусаввирлар ва дизайнерлар, замонавий рақамли технологияларнинг билимдонлари, шарқшунос олимлар, адиб ва ижодкорлар иштирок этди.
Ҳафталик давомида Янги Ўзбекистоннинг ёрқин ва юксак маънавий тимсоли бўлмиш Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида барпо этилаётгани, бундай маданий мерос ҳафталикларининг юқори савияда ўтказилаётгани мамлакатимизнинг қайтадан илм-фан, маърифат марказига, Учинчи Ренессанснинг маконига айланаётганидан дарак беради.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказида маданий, ижтимоий-гуманитар йўналишда амалга оширилаётган мега лойиҳадир. Ушбу маскан бир вақтнинг ўзида бизнинг давлатчилигимизнинг тарихи ва анъаналари, қадриятларини ифода этиши билан бирга, мамлакатимизнинг замонавий ва келажакдаги истиқболини ўзида акс эттирган Тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларини ҳам ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.
Анжуман давомида Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг келгусидаги фаолияти, қиёфаси, унинг тузилмаларига доир ранг-баранг ва қизиқарли лойиҳалар тақдим этилди.










