“Шарқ Рафаэли”

Шарқ Рафаэли”

 

 6564654.jpg

 

Мовароуннаҳр ва Хуросонда XV асрдаги Ренессанс - Уйғониш даври вакилларидан бири, Навоийнинг шогирди, “Шарқ Рафаэли” деб улуғланадиган  бетакрор  мусаввир ва миниатюрасоз Камолиддин Беҳзод нафақат мусулмон Шарқи, балки бутун дунё халқлари санъати тарихида ўчмас из қолдирган.

У 1455 йилда Ҳиротда камбағал ҳунарманд оиласида дунёга келган. Болалигидаёқ уни Ҳиротнинг машҳур мусаввири Мирак Наққош ўз тарбиясига олган. Камолиддин Мирак Наққош тарбиясида, унинг Ҳиротдаги Нигористонида санъат академиясида наққошлик ва миниатюрасозлик ҳунарининг сир-асрорларини ўрганаган.

Беҳзоднинг буюк мусаввир, наққош ва миниатюрасоз бўлиб етишувининг муҳим омилларидан бири — Алишер Навоийнинг назарига тушиб, бадиий-ғоявий ва эстетик жиҳатдан улуғ мутафаккир ва ҳомий даҳосидан баҳраманд бўлганлигидадир.

Алишер Навоийнинг мактабдоши ва дўсти, подшоҳ Султон Ҳусайн Бойқаро Беҳзодни ўз ҳузурига — саройига жалб қилган, унга саройдан махсус жой ажратиб, ижодий ишлар билан шуғулланиши учун барча шароитларни муҳайё қилиб берган. 1487 йилда эса Беҳзод Султон Ҳусайн Бойқаронинг шахсий фармони билан Ҳиротдаги салтанат китобхонасига бошлиқ этиб тайинланган.

Беҳзод миниатюра санъати тарихида ўзининг махсус мактабини яратган. У тасвирлаш услуби, бўёқлардан фойдаланиш воситалари, расмга олинаётган воқеаларни нозик чизиқларда ифодалаш йўллари, инсон кайфияти ва ҳаракатини акс эттира билишдаги усталиги, ажойиб эстетик завқ уйғотиши билан миниатюра санъатини янги босқичга кўтарган. Беҳзод миниатюралари унинг тириклигидаёқ ва айниқса, ундан сўнг Шарқда ва Ғарбда бу санъатнинг энг олий ютуғи деб тан олинган ҳамда энг қимматли санъат асарлари сифатида машҳур бўлиб кетган.