Шаҳрисабзнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги мақоми сақлаб қолинди
Шаҳрисабзнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги мақоми сақлаб қолинди

Парижда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 47 сессиясида Шаҳрисабз шаҳрининг Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги мақомини сақлаб қолиш бўйича ижобий қарор қабул қилинди.
Қўмита Ўзбекистоннинг ушбу объектни асраш бўйича саъй ҳаракатларини юқори баҳолаб, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази ҳамда ИКОМОС (Ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларни асраш бўйича халқаро кенгаш) билан самарали ҳамкорлик муҳимлигини алоҳида қайд этди.
Келгуси босқич сифатида Ўзбекистонга такрорий номинацияни тайёрлаш учун уч йил муддат берилди. Унда Шаҳрисабзнинг сиёсий, маданий ва диний марказ сифатидаги бетакрор тарихий ролини акс эттирувчи темурийлар даври меъморий меросига алоҳида урғу қаратилади.
Шаҳарнинг тарихий қисми буфер ҳудуд сифатида белгиланиши режалаштирилган, бу унинг маданий қийматини янада самарали асраш имконини беради. Мазкур қарор халқаро ҳамкорлик доирасида олиб борилган тизимли ва очиқ мулоқотлар натижаси бўлди.