Самарқанднинг сайёҳлик маркази
Самарқанднинг сайёҳлик маркази

Самарқанд Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли, Бибихоним ва Хазрати Хизр масжидлари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Мирзо Улуғбек расадхонаси каби ёдгорликлари билан дунё аҳлини лол қолдириб келмоқда.
Бугун бу шаҳар нафақат асрий ноёб меъморчилиги, балки замонавий бунёдкорлик иншоотлари билан ҳам янада кўркамлашиб бормоқда. Албатта, бундай ишлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанглиги янада қувонарлидир.
Бу каби қурилиш ишлари ушбу вилоятнинг шаҳар ва туманларида ҳам қизғин паллага кирган. Самарқанд тумани ҳудудида барпо этилаётган Самарқанд туристик маркази улардан биридир.
Туристик марказ 212 гектар майдонни ўз ичига олади. Унда расмий ва байрам тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган конгресс ҳолл, иккита 5 юлдузли, иккита 4 юлдузли, тўртта бутик меҳмонхона, ресторан ва дўконлар қад ростлайди.
Самарқанд туристик марказининг бунёд этилиши шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга қаратилган. Президентимизнинг бу ерга ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрини “туристик ҳаб”га айлантириш зарур деган кўрсатмалари асосида катта ишларга қўл урилди. Ҳозир марказнинг барча объектларида ишлар жадал давом эттирилмоқда. Барча ишлар якунлангач, Марказ сайёҳларнинг энг севимли манзилига айланади.

Бу ерда ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган каналнинг икки томонида бунёд этиладиган объектлар қаторида сув бўйи ҳам ўзига хос гўзаллик касб этади. Сузиш жойлари ва хордиқ чиқарадиган масканлар барпо этилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, марказ атрофини яшил боғ қилиш мақсадида Италиядан турли манзарали дарахтларни келтирилмоқда.
Айнан шу ерда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга мўлжалланган 2 минг ўринли амфитеатр ҳам қурилади. Бундай улкан бунёдкорликнинг яна бир сабаби – Самарқанд шаҳрини кичик ҳаж амалларини бажарадиган табаррук манзилга айлантириш ҳамдир. Бугунги кунда Имом Бухорий мажмуида олиб борилаётган ишлар, Самарқанд халқаро аэропортининг қурилиши, Самарқанд туристик маркази каби катта лойиҳалар ҳам шундай мақсадларни ўзида ифода этади. Марказий Осиё ва МДҲ давлатларидан келган зиёратчилар аввал ушбу манзилда бўлиб, кейин Маккаи Мадинада ўз амалларини бажаради.
Иштирокчилар марказнинг ҳар бир объектида бўлиб, қурилиш жараёни билан танишди. Улардан бири конгресс ҳолл. Икки минг ўринга мўлжалланган ушбу залнинг майдони 19 минг 500 квадрат метрни ташкил этади. Шу билан бирга, бу ерда тўртта кичик зал ва ресторан ҳам қурилади.
Ўзбекистондаги энг йирик пудратчиларидан бири - “Enter Engineering” компанияси ушбу лойиҳага масъул ташкилот ҳисобланади. Шу боис асосан компания лойиҳани тўлиқ топширишга масъулдир.




