Самарқанд – ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортда намунали ҳудуд бўлади
Самарқанд – ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортда намунали ҳудуд бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш ҳамда келгусидаги вазифаларни фаоллар иштирокида белгилаб олиш учун Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифини таомилга кўра, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Президентимизнинг ташаббуси билан мазкур мажмуа буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Умумий майдони 45 гектарни ташкил этадиган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қурилди. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлаган.
Бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклиги эътиборга олиниб, мажмуада инновацион музей ташкил этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади.
Мажмуа аввал бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир 65 минг нафар меҳмонга халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.
Бундан ташқари, ҳудудда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби жойлашган.
Зиёратгоҳ атрофида 570 миллиард сўм маблағ сарфланиб, меҳмонхоналар ва савдо-сервис нуқталари ташкил этилди. Бунда 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхоналар ҳамда 22 та оилавий меҳмон уйи қурилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудуди ободонлаштирилган. 2026 йилга қадар ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда автотураргоҳларни ташкил этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари Имом Бухорий зиёратгоҳи халқимизнинг бой маънавий мероси ва бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намунаси бўлганини таъкидлаб, мажмуада айни пайтда олиб борилаётган сўнгги ободонлаштириш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.
Президентимиз Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари, “Самарқанд – Ургут” янги темир йўл линиясида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга мазкур йўналишда ҳаракатланувчи поездда Ургутга борди. Сафар чоғида Президентимиз темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун қулайликларни янада ошириш, темир йўлларни электрлаштириш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга қўшимча топшириқлар берди. Шунингдек, йўл бўйлаб амалга оширилаётган қурилиш ва ободончилик ишларига эътибор қаратди.