“Самарқанд ҳикояси”
“Самарқанд ҳикояси”

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасида “Самарқанд ҳикояси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Хитой академик доира вакиллари, сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, журналистлар, шунингдек, ватандошлар қатнашган.
Хитой тилига таржима қилинган ушбу китоб Буюк ипак йўлининг дурдонаси сифатида жаҳонга машҳур – қадимий Самарқанд шаҳри тарихига бағишланган. Асар тарихий хронологик тартибда шаҳарнинг пайдо бўлишидан то ҳозирги кунга қадар бўлган минг йиллик тарихни тасвирлайди. Китобда Самарқанд ва Хитой ҳамда Буюк ипак йўли ўртасидаги тарихий боғлиқлик ҳақида ҳам ҳикоя қилинади.
Дарҳақиқат, қўҳна Самарқанд Буюк ипак йўлининг жаҳонга машҳур дурдонаси сифатида Осиё ва Европа ўртасида ўзаро савдо, технологиялар, ғоялар ва маданий қадриятлар алмашинувига катта ҳисса қўшган ушбу афсонавий йўлнинг шонли ўтмиши ёдгорлиги, дея таъкидланган.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугун Самарқанд йирик халқаро аҳамиятга молик тадбирлар ўтказиладиган жой сифатида эътироф этилаётганини алоҳида қайд этган. Хусусан, 2022 йил сентябрда ушбу қадимий шаҳарда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши юқори савияда бўлиб ўтгани тилга олинди.
Хитойнинг чет тиллардаги адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш бошқармаси вице-президенти Юй Тао Самарқанд Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳри ва қадимий Ипак йўлидаги муҳим марказлардан бири эканини айтган.
Китобнинг муқаддимасида ёзилганидек, бу қадимий ва навқирон шаҳар, бетакрор шарқона эртак, ранг-баранг, қадимий ва муҳташам тарихий диққатга сазовор жойларга эга воҳа, жаҳон цивилизацияси бешиклардан биридир. Асар икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашинувнинг муҳим воситасига айланиши шубҳасиздир.




