Саъдуддин Тафтазонийнинг илмий мероси
Саъдуддин Тафтазонийнинг илмий мероси

Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний (1322 – 1390 йй.) ўз даврининг энг машҳур алломаларидан бири, Самарқандда илмий фаолият олиб борган улуғ олим ҳисобланади. Тафтазоний тахаллуси билан машҳур бўлган улкан аллома наҳв, сарф, мантиқ, риторика, калом, фиқҳ, тафсир ва бошқа илм соҳалари бўйича ўз замонасининг пешқадами эди.
Юқорида қайд қилинган фан соҳаларига тааллуқли бўлган асарлари жамоатчилик томонидан кенг қабул қилинди. Бу асарлар узоқ вақт давомида диний ўқув юртларида асосий қўлланма бўлиб хизмат қилган. Аллома Тафтазоний мусулмон уламолари орасида шу қадар кенг шуҳрат қозондики, унгача яшаб ўтган олимлар “мутақаддимин”, ундан кейингилари эса “мутааххирин” деб атала бошланди. Бу ҳол Аллома Тафтазонийнинг мусулмон оламида тутган мавқеъи нақадар юксак эканини тасдиқлайди.
Саъдуддин Тафтазоний илк асарларини 15-16 олти ёшларида ёза бошлаган. Унинг китоблари маъҳад ва илм даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилган. У кишининг ёзган асарлари дунёга тарқалиб машҳур бўлган. Ҳозирги маълумотларга қараганда, унинг илмий-маънавий меросига мансуб асарларнинг сони ўттизтага етади.
Шарҳу тасрифи-з-Зинжоний” асари, унинг яна бир номи “ас-Саъдия”дир. Бу асар Азий номи билан машҳур бўлган Азуддин Иброҳим ибн Абдулваҳҳоб ибн Имодуддин ибн Иброҳим Зинжоний (ваф. ҳижрий 655 й.)нинг “ат-Тасриф” асари матнига шарҳдир. Саъдуддин Тафтазоний бу асарни 738/1338 йил ўн олти ёшида шаъбон ойида ёзиб тугатган. Бу асар унинг биринчи китобидир.
“Мутаввал” (Муфассал) номи билан танилган “Шарҳу-л-мутаввал ала талхиси-л-мифтоҳ” асари, Жалолиддин Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Умар Қазвийний (ваф. ҳижрий 739 й.)нинг “Талхису-л-мифтоҳ” китобига ёзган шарҳидир. Бу асар Сирожиддин Юсуф Саккокий (ваф. ҳижрий 626 й.)нинг “Мифтоҳу-л-улум” китобидан учинчи қисмига хулосадир. “Шарҳу-л-мутаввал ала талхиси-л-мифтоҳ” асари маъно ва баён илмларига тааллуқли асар бўлган. Асарни қисқартма қилгандан кейин “Ал-мухтасар” деб ҳам номлаган. Аллома Тафтазоний бу шарҳни ёзишга 742/1342 йил рамазон ойининг иккинчиси, душанба куни Хоразмда киришган. Ўша пайтда Аллома Тафтазоний йигирма ёшларда эди. Мазкур асарни 748/1347 йил сафар ойининг ўн биринчиси, пайшанба куни Ҳиротда тугатган. Султон Амир Темур ўша китобни Ҳирот қалъаси эшигига илиб қўйган, дейилади.
“Шарҳу-л-мухтасар ала талхиси-л-мифтоҳ” асари “Мухтасару-л-маоний” номи билан танилган. У юқорида зикр этилган “Мутаввал” асарининг қисқартмасидир. Асарни 756/1355 йилда ёзиб тугатган. “Мухтасару-л-маоний” асосан дарслик сифатида ал-Азҳар ва бошқа илм даргоҳларида ўргатилган. Унга жуда кўп ҳошияларнинг ёзилганлиги ҳам, асарнинг қандай аҳамиятга эга эканлигига далолат қилади.
“Ат-Талвиҳ ала кашфи ҳақоиқи-т-танқиҳ” асари “Ат-тавзиҳ шарҳу матну-т-танқиҳ” китобига хошиядир. Асарни ҳижрий 758 йил Зул-қаъда ойи, душанба куни, Кулистон шаҳрида ёзиб тугатган. Ўша пайтда у киши 36 ёшда бўлган. Уламолар бу китобни муносиб баҳолашган, ўқув даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилган, асарга ҳошия ва изоҳлар битилган.




